Халқ қабулхонасининг аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ҳамкорлиги қандай?
Кейинги йилларда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Айни шу муҳим ижтимоий-сиёсий ва инраструктуравий ўзгаришлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини давлат ва фуқаролар ўртасида ҳамкорлик қилишнинг янги тизимини ташкил этиш, давлат органларида мурожаатларни кўриб чиқишнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш, жойларда муаммоларни ўрганиш, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда мурожаатларни қонунчиликка риоя этиш асосида ҳал этилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатган.
Жумладан, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Самарқанд тумани Халқ қабулхонаси томонидан мавжуд 51 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиларининг фаолияти ўрганилиб, аҳоли муаммолари билан ишлаш, уйма-уй юриш асосида аниқланган муаммоларга ечим топишда тизимли ишларни йўлга қўйиш борасида амалий семинарлар ўтказилиб келинмоқда.
Аҳоли билан ишлаш жараёнида сув таъминоти масалалари бўйича муаммолар аниқланиб, туман “Сув таъминоти” бўлими билан ҳамкорликда ташкилотнинг тадбирлар режаси ижроси назоратга олиниб, йил давомида туманнинг Ширинобод (Илонсой), Жўйи Аббос, Захлик, Янгижой, Қўшмачит ва Урганжи маҳаллаларида ичимлик суви таъминотига оид муаммолар бартараф этилиши таъминланди. Туман электр тармоқлари корхонаси билан ҳамкорликда туманнинг Жўйи Аббос, Қумзор ва Оҳалик маҳаллаларига янги трансформатор ҳамда Талибарзуи поён, Қорасув, Дўстлик ва Оқмачит маҳаллаларида янги бетон устунлар ўрнатилди. Самарқанд тумани йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси билан ҳамкорликда Найзатепа, Жарқишлоқ, Қавчинон, Равонак, Қозиариқ, Саховат, Қўлба, Паррандачилик, Оқмачит, Мирзо Улуғбек, Сулфакабутак, Хаймариболо ва Хаймарипоён маҳаллаларидаги таъмирталаб йўлларга жами 31,9 км асфальт ётқизилди.
12 май куни туман Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарлари томонидан туманнинг Шўрбойи маҳалласида яшовчи Рустам Раупов ва бир гуруҳ фуқаролар мурожаатларига асосан мазкур маҳаллада янги ташкил этилган ҚВП биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур бино барча замонавий мебель ва тиббий асбоб ускуналар билан таъминланган бўлиб, маҳаллада яшовчи 4500 нафар аҳолига хизмат қилади. Қишлоқ врачлик пунктида 2 нафар врач ва 6 нафар малакали патронаж ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилган.
Дастурдан ташқари туманнинг Ипакчи маҳалласига жами 2,5 км шағал ва асфальт ётқизилди, туманнинг Миришкор маҳалласидаги қабристонга олиб борувчи 1,5 км йўл таъмирланди.
Бундан ташқари, 32-сонли оилавий поликлиникада вилоят даволаш муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасини малакали мухахассислари иштирокида Оқмачит маҳалласида яшовчи аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижасига кўра, 1128 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 317 нафарида турли хил касалликлар борлиги аниқланган. Шунингдек, тиббий кўрик вақтида шу жойнинг ўзида 112 нафар фуқароларга бепул кўз йнак, 157 нафар фуқарони бепул дори-дармонлар берилди. Бундан ташқари, 244 нафар фуқарога амбулатор шароитида ва 73 нафарига шифохонада даволаниш учун йўлланмалар ажратилди.
И.Муродов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.