Халқ қабулхоналарига келган мурожаатлар қандай ҳал этиляпти?
Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган олти ойида юридик ва жисмоний шахслар томонидан 6 минг 447 та мурожаатлар қабул қилинган.
Мурожаатлардан 3545 таси қаноатлантирилган, 1949 таси ижобий ечимини топган, 1549 таси ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал қилинган.
Масалан, Қўшработ туманининг “Зармитан” маҳалласида яшовчи Ойсара Жумаева ва бир гуруҳ фуқаролар фарзандлари таълим олаётган 26-умумий ўрта таълим мактаби хоналари етарли бўлмаганлиги сабабли мактабда дарслар икки, ҳатто айрим ҳолларда уч сменада ўтилаётганлигини ва мактаб учун қўшимча бино қуриб беришни сўраб мурожаат қилган. Уларнинг мурожаати асосида мактаб учун қўшимча бино қуриш Давлат дастурига киритилиб, 2020 йил май ойида мактабга қўшимча 140 ўринли янги замонавий бино қуриб берилган.
Бундан ташқари, Пайариқ тумани Жавшар ота маҳалласида яшовчи фуқаро Иззат Санаева ўз мурожаатида уй-жойи йўқлиги, II гуруҳ ногирони ва ёлғиз оналиги, ҳозирда ижарада, қийин шароитда яшаётганлиги сабабли уй-жой билан таъминланишида амалий ёрдам сўраган. Фуқаро Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги қарори талабларига асосан имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминланган.
Таҳлилларга кўра, моддий ёрдам олиш (803 та) газ, электр ва сув таъминоти (672 та), алимент (435 та), уй-жой (407 та) билан боғлиқ масалаларда энг кўп мурожаатлар қайд этилган.
Аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг реал даромадларини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган 6 ой давомида 15 минг 859 нафар ёшлар турли соҳа ва йўналишларда ишга жойлаштирилди. "Ҳар бир ёшга бир гектар" лойиҳаси доирасида 1460 нафар ёшларга 942.2 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.
Халқ қабулхоналари аралашуви билан 3290 нафар доимий иш жойига эга бўлмаган фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, 610 нафар ишсиз фуқаро касбга қайта ўқитилмоқда.
Темур МУРТАЗАЕВ,
Самарқанд вилояти Халқ қабулхонаси мутахассиси.