Харид чекида қандай маълумотлар акс эттирилади?
Ҳар бир инсон кундалик турмуш тарзида дўкон ва савдо мажмуаларидан маҳсулот харид қилади, турли хизматлардан фойдаланади. Лекин мазкур жараёнда барча бирдек назорат-касса машинаси чекини олиш масаласига жиддий қарамайди. Шу ўринда жиддий савол туғилади: харид чекини олиш ёхуд олмасликнинг аҳамияти қандай?
Харид чекини олиш истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишга замин яратади. Бинобарин, харид чекини олиш орқали нақд пулнинг банк орқали айланишини таъминлайди. Демак, нақд пулнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишига йўл қўйилмайди. Харид чеки солиқлардан бўйин товлаш ҳолатларини қисқартиришда муҳим ўрин тутиши билан ҳам аҳамиятли.
Хўш, назорат-касса машинаси чекида қандай маълумотлар акс эттирилиши лозим? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги “Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан НКМ чекларида акс эттирилиши лозим бўлган маълумотлар белгиланган. Сотиб олинган товарлар (бажарилган ишлар) ва кўрсатилган хизматлар учун харидорларга бериладиган касса чекларида солиқ тўловчининг — хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва идентификация рақами, тўлов суммаси, товарлар ва хизматлар номи, тўлов санаси ва вақти, назорат-касса машинасининг завод рақами, чекнинг тартиб рақами ҳамда фискал режим белгиси бўлиши лозим. Шунингдек, касса чекларида бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкинлигини таъкидлаш лозим.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.