Хатлардан сатрлар
Бекатга икки-уч одим қолганда шеригидан олдинроқ мижоз қошига келишни мўлжаллаган такси ҳайдовчиси кўлмакдаги сувни биз томон сачратиб, ўтиб тўхтади. Бизга эътибор ҳам қаратмай, йўлда ҳаракатланишда давом этди.
Бундай ҳайдовчиларга нисбатан жарима қўлланилса, бу каби ҳолатларнинг олди олинармиди? Ёхуд йўл ҳаракати хавфсизлиги ойликларида ҳайдовчиларга маънавий-маърифий соатлар ташкил қилиш керакмикан?
Моҳигул ХОЛИҚОВА,
Самарқанд шаҳри.
***
Болаларининг яхши яшаши учун чет элга бориб ишлаётган ота-она унинг тарбиясини унутиб қўймоқда. Қўша-қўша машиналар, ҳашаматли уйларга эга бўлиш мумкин. Лекин фарзанднинг келажаги барбод бўлса, бу оила хотиржам ва бахтиёр яшай оладими? Йўқ, албатта.
18 ёшгача фарзанд ота-она измида бўлиши лозим. Ота-она ўғил-қизининг фақат моддий таъминотига эмас, маънавий камолоти, саломатлиги, ахлоқи учун ҳам жавобгардир.
Зулайҳо ҚУРБОНОВА,
Ургут тумани.
***
Интернет тармоғидан фойдаланувчиларнинг ҳаммаси ҳам ундан оқилона фойдаланмаяпти. Айниқса, ёшлар турли ўйинларни телефонларига юклаб, асосий вақтини ижтимоий тармоқлардаги таниш-нотаниш дўстлари билан беҳуда ёзишмаларга сарфламоқда. Оқибатда улар ўзлари билмаган ҳолда турли оқимларга аралашиб қолмоқда.
Ота-оналар болаларининг хоҳиш-истагини бажариш билан бирга, назоратга ҳам олса яхши бўлармиди?
Маҳлиё АБДУСАМАТОВА.