Хайрия ҳашаридан четда қолманг!

Бошқа халқлар ўрганса ёки амалиётга қўллаши учун халқимизнинг урф-одат, қадриятларидан бири саналмиш ҳашар тадбирини тавсия этсак бўлади.

Ҳашар – бу халқимизнинг қадимий ва азалий қадриятларидан бири. Ушбу тадбир барчани бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ажралиб туради. Унинг замирида ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, ободлик ва бунёдкорлик мужассам.
Янгиланиш фасли келиши билан она-табиатнинг ўзи заминга сайқал бераётган бир пайтда ободончилик ишларининг олиб борилиши маҳаллаларимиз кўркига кўрк, чиройига чирой беради. Демакки, баҳор нафасига ҳамоҳанглик зарур, табиатнинг ишига ҳам кўмак керак.
Шу муносабат билан 16−18 март кунлари юртимизда Наврўз байрами арафасида анъанавий умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтади. Бу йилги тадбир «Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки» шиори остида ўтказилади.
Ҳашарда барча самарқандликлар фаол иштирок этиб, халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширишларига чорлаб қоламан. Зеро, «Ҳашар — элга ярашар» деган мақол бежиз айтилмаган.

Н.Холиқов,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.