Хазина изловчилар рағбатлантирилди

“Самарқандгеология” акциядорлик жамиятида апрель ойининг биринчи якшанбаси геология соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа фахрийлари, ишчи-ходимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда геологлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида кенг кўламли геологик тадқиқотлар ўтказилаётганлиги, унда олтин, рангли ва ноёб металлар, нометалл хомашё ҳамда қурилиш материалларини баҳолаш ва қидириш ишлари олиб борилаётгани таъкидланди.

-  “Самарқандгеология” АЖ таркибида учта йирик Шимолий Нурота, Зарафшон, Зармитан дала геология-қидирув экспедициялари мавжуд, - дейди жамият бошқаруви раиси Камол Сафаров. – Ҳозирда Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудида Нурота, Навбаҳор, Пахтачи, Каттақўрғон, Қўшработ, Ғаллаорол, Бахмал, Фориш туманларида 31 та лойиҳа асосида геология-қидирув, Шимолий Нурота, Зиёвуддин, Қўйтош, Ғўбдинтоғ, Молгузар, Туркистон тоғ тизмаларида рудали ва норудали фойдали қазилмаларни излаш ҳамда қидириш ишларини амалга ошириб келяпмиз. Албатта, кейинги йилларда бошқа соҳалар қатори геология соҳасига ҳам берилаётган эътибордан мамнунмиз. Алоҳида касб байрамини нишонлашимиз, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонининг таъсис этилиши соҳага бўлган қизиқишимиз ва ишга бўлган масъулиятимизни янада оширади.

Тадбирда соҳада узоқ йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ва фаол хизмат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир гуруҳи жамият томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Давра суҳбати бир пиёла чой устида давом этди.

Ҳусан Элтоев.