Хитой билан ҳамкорликда касб-ҳунар марказлари ташкил этилади

Вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Ҳамраев бошчилигидаги вилоятимиз делегацияси Хитойда бўлиб турибди. Ташриф давомида вакилларимиз Урумчи партия қўмитаси раиси ўринбосари - Урумчи шаҳар ҳокими Ёқуп Пайдулла билан учрашув ўтказди.

Учрашувда икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, айниқса, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ва логистика йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, делегациялар ўртасида тажриба алмашиш, хусусий секторлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро инвестиция имкониятларини ўрганиш ва амалий натижадорликни ошириш юзасидан аниқ таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Вакилларимиз Урумчи касб-ҳунар коллежида бўлиб, таълим даргоҳининг фаолияти, моддий-техник базаси, ўқув дастурлари, замонавий таълим методикалари ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашган тизими фаолияти билан танишди. Хитойлик ҳамкорлар билан вилоятимизда замонавий касб-ҳунар марказларини ташкил этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқувчи-ёшларни амалиёт билан боғлаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Урумчи шаҳрининг Тяншан тумани ҳокими ҳамда ушбу ҳудуднинг етакчи тадбиркорлари билан бизнес учрашувда томонлар ўзаро иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини, хусусан, Самарқанд вилояти ва Урумчи шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм, касб-ҳунар ва логистика йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Тадбир давомида вилоят ҳокими ўринбосари О.Ҳамраев томонидан хитойлик тадбиркорларга Самарқанднинг иқтисодий салоҳияти, инвестицион имкониятлари ва давлат томонидан инвесторларга берилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Вилоят инвестиция ва савдо бошқармаси ахборот хизмати.