Хитойда ҳар бир фуқаро кузатув остида бўлади
Хитойда 1 январдан Фуқаролик кодекси кучга кирди. Унга кўра, сунъий интеллект одамларни сифатига қараб уларни саралайди ва жамиятда ўрнини белгилайди. Ёзувчи, файласуф Михаил Веллер “АиФ” (2021 й. 7-сон) ҳафтаномасида шу хусусда ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Бу тизим бутун цивилизация тараққиётини ўзгартира олармикан?
1 январдан Хитойда аҳоли жон бошига рақамлаштириш жорий қилинди ва ҳар бир кишига ижтимоий балл берилади. Бу жуда оддий: аввал бошда ҳаммага 1000 баллдан берилади, кейинчалик эса барча яхши амаллар учун балл қўшилади, ёмонлар учун балл олиб ташланади. Яхши амаллар - бу: кампиршони йўлдан ўтказиб қўйдинг, рационализаторлик таклифи бердинг, митингда сўзга чиқиб компартия қарорларини қўллаб-қувватладинг ва ҳоказо.
Салбий амаллар: маст бўлган, ишга кеч қолган, онани сўккан, никоҳсиз жинсий алоқада бўлган ва ҳатто сунъий интеллект кузатувига қарамай кўпроқ спиртли истеъмол қилган.
Буларни ҳаммасини қандай кузатиш мумкин?
Жуда оддий. Ҳамма ўзига телефон олиб юради ёки чип қурилмага эга пластик карточкаси бўлади. Мамлакатда шундоқ ҳам кузатув камералари тўлиб-тошган – улар 600 миллионтадан зиёд. Яқинда эса қўшимча “таниш тизими” жорий этилди. Энди ҳар қандай одамни нафақат юзидан, балки юришидан ҳам лаҳза ичида билиб олиш мумкин.
Янгича тизим қандай ишлайди?
Агар кишида баллар (1050 ва ундан кўпроқ кўп бўлса, у бир қатор имтиёзлар олади: поезд ва самолётга имтиёзли чипта, университетга ўқишга киришда устунлик, кредит олишда ҳеч қандай қийинчиликсиз дарҳол расмийлаштириш... Юқори давлат лавозимларини фақат ана шундай кишилар эгаллашлари мумкин. Агар баллар кам бўлса, у хорижга чиқа олмайди, тезюрар поездга чипта сотилмайди. Жуда омади келса, у таксичи ёки чиқинди ташувчи ўрнига даъвогарлик қилиши мумкин. Моҳиятан шахс қора рўйхатдан жой олади. Агар сен ана шундай омадсиз одам, ичкиликбоз ёки сиёсий номақбул киши билан суҳбатлашсанг ўзинг жарима олишга маҳкум бўласан.
Жорий этилган бундай тизимда эркинликдан маҳрум бўлиш ҳеч гап эмас. Ҳар бир қадаминг қайд этиб борилади. Агар бир неча марта йўлдан тойсанг, кейинги бутун ҳаётингни барбод қиласан. Минус баллардан қутулиш жуда қийин – ҳар бир қадамингни кузатиб турган сунъий интеллект устидан шикоят қилолмайсан, ҳеч нарсани исботлай олмайсан.
Хитойликлар аксарияти бу тизимни олқишлаяпти
Бундай олганда бу тушунарли: яхши одамлар яхши, ёмонлари ёмон яшашлари керак. Шундай қилиб, миллиард ишчига эга мамлакат ягона тизимга айланади ва унинг иқтисодий, илмий, сиёсий самарадорлиги кескин ошади. Моҳиятан, номуносиб кишиларни юқори лавозимларни эгаллаш йўли батамом тўсилади. Ўғри, коррупциячи, ахмоқ одамларнинг нуфузли лавозимни эгаллаши учун зиғирча имкон қолмайди. Хитой яқин йилларда ўзининг ақлбовар қилмас сиёсий-иқтисодий тизими билан дунёда қудратли биринчи супер давлат бўлиш имкониятига эгами, йўқми, буни вақт кўрсатади.
Т.Шомуродов тайёрлади.