Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорлик: Самарқандда саноат ва таълим интеграцияси йўлга қўйилмоқда

2025 йил 11 апрель куни Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида Хитойнинг йирик саноат корхоналари — Hebei Lakoo Automation Equipment Co., Ltd. va Xing Tai Lang Tai Agricultural Technology Co., Ltd. вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда университет ректори Др. Чидем Туркйилмаз ва бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди.

Учрашув Хитойда ўтган йилнинг октябрь ойида университет делегациясининг хизмат сафари давомида эришилган келишувлар доирасида ташкил этилди. Делегация сафар чоғида Ҳебеи вилоятининг Чингтаи шаҳрида жойлашган икки йирик корхонага — Xing Tai Lang Tai Agricultural Technology MChJ ҳамда Hebei Lakoo Automation Equipment MChJ компанияларига ташриф буюрган эди.

Маълумки, Xing Tai Lang Tai корхонаси кабинали ва кабинасиз кичик ўлчамдаги тракторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, уларнинг маҳсулотлари бугун жаҳон бозорида юқори талабга эга. Учрашув чоғида тракторларнинг ишчи қисмларини Ўзбекистонда, хусусан СамДАҚУ ҳузуридаги Инкубация марказида ишлаб чиқариш бўйича муҳим келишувга эришилган. Дастлабки босқичда трактор қисмларининг 25 фоизи айнан ушбу марказда ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Hebei Lakoo Automation Equipment MChJ қурилиш саноатига йўналтирилган, ғишт ва девор материалларини тайёрлашга мўлжалланган замонавий машина ва ускуналарни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ҳамкорлик натижасида бу йўналишда ҳам Ўзбекистонда, хусусан Самарқандда, технологик жараёнларни йўлга қўйиш бўйича дастлабки қадамлар ташланди.

Университет делегациясининг Хитойга хизмат сафари чоғида ўзаро англашув меморандумлари имзоланган бўлиб, бугунга келиб бу келишувлар асосида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети Инкубация маркази ҳузурида Университет ва саноат корхоналари ҳамкорлиги маркази фаолиятини бошлади.

Мазкур марказда тракторлар учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ҳамда қурилиш соҳасида фойдаланиладиган хом-ашё маҳсулотларини тайёрлаш учун замонавий дастгоҳлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу эса нафақат саноат кўламининг кенгайишига, балки талабалар учун амалиёт базасининг кучайишига хизмат қилади.

Самарқандда саноат ва олий таълим интеграцияси амалда – бу ташаббус мамлакатимизда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Жўрамирза ҚАЮМОВ,

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида стратегик ривожлантириш бўйича биринчи проректор.