Хориж воқеалари қисқа хабарларда: ҲАМАС етакчисининг ўлими учун қасос олиш ваъда қилинмоқда
🔹 Эрон етакчиси Али Хоманаийнинг айтишича, Исроил ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун жавоб бериши керак. “Исломий республика ҳудудида шаҳид бўлганларнинг қони учун қасос олишни ўз бурчимиз деб биламиз”, деб таъкидлади Хоманаий. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу фитна Фаластин кураши ва Ғазо қаршиликларини синдиришга қаратилган фаолият эканлигини таъкидлаган. Бугун, 31 июль куни эрта тонгда Исроил мудофаа кучлари Эрон пойтахтига ҳужум уюштирган. Ўша пайтда Исмоил Ҳания Теҳронга мамлакатнинг янги президенти Масуд Пезешкианнинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун келган. Исроил Ҳаниянинг йўқ қилиниши учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
🔹 Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишини қоралаб, қонли воқеа минтақадаги вазиятни янада чигаллаштиришини айтди ва Фаластин халқини Исроилга қарши бирлашишга чақирди.
🔹 Байрутда Ҳизбуллоҳ қуролли кучларининг юқори мартабали қўмондонларидан бири Фуад Шокрга уюштирилган ҳужум ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлимидан сўнг Исроил бутун дунё бўйлаб барча дипломатик ваколатхоналарида хавфсизлик чораларини кучайтирган.
🔹 Президент Владимир Путин 1 августдан 2024 йил охиригача Украинадаги урушда хизмат қилиш учун шартнома тузадиган ҳарбий хизматчиларга 400 минг рубл миқдорида федерал тўлов (айни пайтда тўлов ҳажми 195 минг рубль) тўлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
🔹 Судан суверен кенгаши раҳбари Абдел Фаттоҳ ал-Бурхон мамлакат шарқидаги ҳарбий базага ташриф буюрганида суиқасддан омон қолди. У ҳарбий талабаларга диплом топшириш маросимида дрон ҳужумидан қутулиб қолгани айтилмоқда.
🔹 АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис президентлик сайловлари натижалари анъанавий тарзда аниқланадиган еттита муҳим штатда Доналд Трампнинг етакчилигини ортда қолдирди.
🔹 Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг кичик қизи Ким Жу Э ҳукуматни бошқаришни ўрганмоқда. Унинг оммавий чиқишларининг тахминан 60 фоизи отаси билан ҳарбий ва иқтисодий фаолият билан боғлиқ. Шимолий Корея оммавий ахборот воситаларида у "хянгдо" деб аталади, бу "инқилобий курашда олға йўлни ёритувчи" деган маънони англатади ва раҳбар ёки уларнинг ворисларига нисбатан қўлланилади.
🔹 Буюк Британиянинг Саутпорт шаҳрида болалар клубига пичоқ билан ҳужум қилинганидан сўнг тартибсизликлар бошланди.