Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Қўшма Штатлар Россияга қарши санкцияларнинг "қақшатқич пакетини" тайёрламоқда

🔹 Қўшма Штатлар яқин кунларда Россияга қарши юзлаб янги чекловларни ўз ичига олувчи санкциялар пакетини жорий қилади. Янги санкциялар Россиянинг мавжуд тақиқларни четлаб ўтиш имкониятларини чеклаш, шунингдек, мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини камайтиришга қаратилган.

🔹 Дания 230 миллион евро миқдоридаги янги ёрдам пакети билан бирга “Украинага 10 йиллик қўллаб-қувватлаш”ни ваъда қилган шартнома имзолади.

🔹 Путин яна Россиянинг ядро қуроллари ҳақида гапирди. Россия ўзининг стратегик ядровий кучларини янгилашда давом этмоқда ва уларни 95 фоизга янги қурол ва жиҳозлар билан таъминлади, деди Путин. Ўтган йил охирида у Миллий мудофаани бошқариш марказидаги чиқишида Россия ядровий кучлари 95 фоизга модернизация қилинганини айтган эди.

🔹 Алексей Навалнийнинг онаси Людмила Навалная ўз видеомурожаатида терговчилар унга ўғлининг жасадини кўрсатгани, бироқ уни топширишдан бош тортиб, яширин дафн қилишни талаб қилганини айтди.

🔹 Зеленский янги қарши ҳужумга тайёрланмоқда ва Россияга "сюрприз" ваъда қилмоқда. Украина президенти Fox News телеканалига берган интервьюсида Россия билан Минскдаги каби келишувларга киришни истамаслигини айтди. Владимир Зеленский, шунингдек, Украинанинг мақсади Қора денгиздаги муваффақиятни ривожлантириш бўлишини, Россияни "сюрпризлар кутаётганини" таъкидлади.

🔹 БМТ Халқаро Суди Фаластин ҳудудларини босиб олишнинг ҳуқуқий оқибатларига доир тингловларни давом эттирмоқда. Хитой ва Эрон Исроилнинг ҳаракатларини ноқонуний деб топишни талаб қилган.

🔹 Шри-Ланка етказиб берган нефти учун Эронга тўловнинг ноодатий усулини топди. Мамлакат Теҳронга бўлган 251 миллион долларлик қарзни тўлаш учун бартер шартномаси асосида 20 миллион долларлик чой экспорт қилган. Бундай айирбошлаш Эрон учун фойдали, чунки Теҳронга қарши кўплаб санкциялар туфайли мамлакатга кириши қийин бўлган чой импортига чет эл валютасини сарфламайди.

🔹 АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп учинчи жаҳон урушининг олдини олишга ваъда берди, бу урушга дунё ҳозир жуда яқин. "Мен учинчи жаҳон урушининг олдини оламан. Биз учинчи жаҳон урушига жуда яқинмиз ва бу уруш мисли кўрилмаган бўлади", деди у.

🔹 Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган G20 вазирлар йиғилишида БМТ тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини билдирган.

🔹 Яман ҳусийлар гуруҳи Қизил денгизда АҚШ билан узоқ муддатли ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳаракатлар Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши қандай давом этишига боғлиқ бўлмайди. Яман билан чегарадош Саудия Арабистони, айниқса, Қизил денгиз остидан ўтган интернет кабелларидан хавотирда. Қироллик ҳусийлар уларга қарши муваффақиятли ҳужум уюштириши мумкинлигини тан олади.

🔹 Колорадо штатининг Лейквуд штатида яшовчи эркак ўзи уй ҳайвони сифатида ноқонуний сақлаган баҳайбат Аризона калтакесаги чақиши оқибатида вафот этган. Унинг уйидан яна иккита заҳартиш ва 26 та ўргимчак топилган. Улар мусодара қилинган.