Хориждаги оилалар кимга мурожаат этади?
Хорижга оилангиз билан кетишга қарор қилдингиз. Бегона юрт, бегона қонунчилик, бегона иш, ҳамкасблар бегона, бошқа тилда сўзловчи одамлар. Эҳтимол, сиз бу юрт билан боғлиқ барча маълумотларни билиб йўлга отлангандирсиз (қанийди шундай бўлса). Ёки (айниқса, аёллар) ёнингиздаги турмуш ўртоғингизга ишониб йўлга чиқдингизми?
Тўғри, у билан бир неча йил бирга яшайсиз, орангизда келишмовчиликлар бўлган ва уларни ўз юртингизда қариндош-уруғ иштирокида ҳал этиб олгандирсиз. Лекин четда, яқинларингиздан узоқда, бегона юртда айнан турмуш ўртоғингиздан ҳимояланишингиз лозим бўлиб қолса-чи? Унда нима қиласиз?
Самарқандлик Марям исмли аёл шундай ҳолга тушди. Хорижга боргач, кетма-кет фарзандли бўлди, турмуш ўртоғи эса болаларга бериладиган нафақа ҳисобига яшай бошлади. Ишлашни истамас, кун ўтса бўлди, ичкиликка ружу қўйиб, аёлига қўл кўтара бошлади, ароққа пул топилмаса, уйда ҳаловат йўқоладиган бўлди. Аёл жуда узоқ сабр қилди, нима қилсин, бошқа йўл борлигини билмасди. Яхшиямки, ҳамюртлари унга ёрдам бериши мумкин бўлган ташкилот борлигини айтишди. Қўнғироқ қилди, дарҳол етиб боришди, аёлни ва фарзандларини она Ватанига жўнатиб юборишди.
Умуман, бугун хорижда ишлаш учун кетиб, ўша ерда истиқомат қилаётган оилалар турли даражадаги муаммоларга дуч келиб қолганда кимга мурожаат этишади? Бу мурожаатларнинг ижроси қандай?
- Қайси ҳудудда ишлаб, яшашидан қатъи назар, ўзбекистонлик хотин-қизлар, уларнинг фарзандлари бизнинг эътиборимизда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зебинисо Раҳмонова. – Тўғри, бу масалада тизимли, кенг кўламли ишлар кетяпти, деб айтолмайман, аммо имконимиз даражасида улар билан мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда муаммоларини ўрганиш бўйича иш олиб боряпмиз. Мисол учун, шу йил давомида Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида Исроилда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан онлайн мулоқотга киришдик. Мулоқот чоғида аёлларнинг Ўзбекистонда қолган фарзандларини тўгаракка жалб этиш, пенсия, нафақа каби масалалар бўйича саволларига атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, Россия давлатида меҳнат қилаётган оила вакиллари билан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва бир қатор бошқармалар раҳбарлари иштирокида онлайн мулоқот ҳам ўтказилган эди. Бу учрашувда ҳам мурожаатчиларнинг муаммо ва сўровлари тегишли ташкилотлар ёрдамида ҳал этилди, уларга зарур ҳуқуқий тушунча берилди. Айтиш керакки, хориждаги оилаларнинг муаммолари ҳам турлича, бир давлатда мавжудлари иккинчисига тўғри келмайди.
Кейинги йилларда чет давлатга ишлаш учун боришда аҳолининг саводхонлиги, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билган ҳолда ишга кетишга уриниши қувонарли ҳолдир. Аммо бегона юртда турли вазият ва муаммоларга дуч келиб қолишдан ҳеч ким ҳимояланмаган. Бу масалада уларга ёрдам берувчи, доимий равишда янгиликлардан бохабар этувчи ташкилотлар, ахборот воситалари мавжуд.
Шундай йирик нодавлат ташкилотлардан бири «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази вилоят бўлимидир. Беш йилдан бери фаолият олиб бораётган мазкур ташкилот инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бел боғлаган бўлиб, жуда катта мақсадни кўзлаган. Шиори ҳам шунга мутаносиб: «Биз инсон қадр-қиммати устун дунёни бунёд этамиз!». Хўш, мақсадлар амалларга мосми? Марказда қандай ишлар амалга ошириляпти?
Марказимиз асосан одам савдосининг олдини олиш, бу жиноятдан жабрланганларга ижтимоий, психологик кўмак бериш, ноқонуний миграция, оилалардаги зўравонлик, юқумли касалликларнинг олдини олиш каби қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда, - дейди Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази вилоят бўлими раҳбари Мадина Нажмиддинова. - Шу йилнинг беш ойи мобайнида марказнинг долзарб алоқа тармоғига 543 та қўнғироқ бўлди. Мурожаатчиларнинг 353 нафарини эркаклар, 190 нафарини аёллар ташкил қилади. 200 нафар мурожаатчига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шу ойлар давомида 10 та ариза қабул қилинган бўлиб, уларнинг тўрттаси одам савдосидан жабр чекканлар мурожаатидир. Уч нафар фуқаронинг Ватанга қайтишига кўмаклашилди, уларнинг уч нафари Россия Федерациясидан қайтиб келди. Бундан ташқари, одам савдосидан жабр кўрган саккиз нафар фуқарога лойиҳа доирасида ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Марказнинг ижтимоий ходимлари мураккаб вазиятда қолиб, қайтиб келган ҳамюртларимизга қандай ёрдам кераклигини ўрганиб, хулосалар бергач, тегишли йўналишда кўмак кўрсатилади. Баъзилари ўша тушкун руҳий ҳолатдан чиқиб кетиши учун ойлаб муолажага муҳтож бўлади.
Айтиш керакки, одам савдоси жинояти статистика бўйича камайган бўлса-да, аслида ундай эмас. Афсуски, жиноятчилар уни амалга оширишда электрон ва яна бошқа кўплаб усуллардан фойдаланмоқда. Бир қараганда одамлар алдовга учраяпти, аммо уни таснифлашга келганда, афсуски, жабр чекканлар ўз ихтиёри билан бу ишни амалга оширмоқдалар. Яъни, қонуний жиҳатдан уларга бошқа жазо чораларини қўллаш мумкин бўлгани ҳолда одам савдоси жинояти моддасини қўллашнинг имкони йўқ.
Шу нуқтаи назардан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Ички ишлар идоралари ходимлари билан ҳамкорликда тўрт ой давомида шаҳар-туман ҳудудларида 30 га яқин тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Бундан ташқари, ҳудудий комиссия аъзолари, ички ишлар идоралари, прокуратура ходимлари иштирокида «Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш» мавзусида семинар-тренинглар ўтказилди.
Марказ қошида +998995299494 рақамли ишонч телефони фаолият кўрсатиб келмоқда.
Хориждаги ватандошларимизга ёрдам бериш учун қарийб ҳар бир давлатда нодавлат нотижорат ташкилотларидан ҳамкорларимиз бор. Келган мурожаатлар шу ҳамкорларимизнинг ёрдами билан ижобий ҳал этилмоқда. Хорижда қийин аҳволда қолган, яъни одам савдоси жиноятидан жабр чеккан ёки оиладаги зўравонликка дуч келган юртдошларимиз бизга мурожаат этиш орқали муаммоларига ечим топишлари мумкин.
Дарвоқе, юқорида мисол сифатида келтирилган Марям ҳам фарзандлари билан Россия давлатидан айнан «Истиқболли авлод» марказининг ҳамкорлари ёрдамида юртимизга қайтди. Ҳамон унга кўмак кўрсатилмоқда. Бу фикрлар қайта-қайта айтилган ўша хулосани беради: хорижга чиқишдан аввал барча вазиятни ҳисобга олинг, қонунчиликдан хабардор бўлиш баробарида ўзингизни ҳимоялаш учун етарлича маълумотга эга бўлиб бориш энг муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.