Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 42,5 фоизга камайди

Ички ишлар органларида хотин-қизлар билан ишлаш бўйича аёл ходимларнинг фаолияти йўлга қўйилиши тизимда ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, хотин-қизлар томонидан ҳамда уларга нисбатан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида жорий йилнинг ўтган даврида 17 410 нафар хотин-қизлар билан профилактик ишлар олиб борилиб, уларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.

Ўрганиш давомида хотин-қизларнинг 1110 та муаммоси аниқланиб, улардан 1 007 таси ҳал этилган. Ажрим ёқасига келиб қолган 398 нафар оиладан 334 нафар оила ўзаро яраштирилган, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида 301 та нотинч оилалар келишмовчилигига барҳам берилган.

- 688 ҳолатда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга тегишли тартибда ҳимоя ордерлари берилди, - дейди Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари А.Ҳалимов. – Шунингдек, 131 нафар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик барҳам топди.

Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 тага ёки 42,5 фоизга камайишига эришилди.