Хотира: Отам юрган шарафли йўл

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага 80 йил тўлди. Шу муносабат билан Иштихон туманининг Зартепа маҳалласи Таллак қишлоғида уруш ва меҳнат фахрийси Усмон Эшбеков уй-музейида хотира тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Марказий ҳарбий округ бўлим бошлиғи Ўткир Деҳқонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шаҳриддин Умиров Усмон ота Эшбековнинг ҳаёти, урушда кўрсатган жасоратлари ҳамда ушбу уй-музей фаолиятининг тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилган “1941-1945: Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомига отам Усмон Эшбековнинг “Биз Раҳимовчилар эдик” сарлавҳали мақоласи сурати билан киритилгани унинг руҳини шод этиб, биз, авлодлари учун бебаҳо туҳфа бўлди.
“Президентга мактублар” туркум китобларининг 2022 йилда чоп этилган нашрида отам Усмон Эшбеков таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан уй-музейимизнинг ташкил этилиши ҳақидаги мактуб ўрин олгани бутун оиламизни тўлқинлантириб юборди. Бу хайрли ишнинг амалга ошишига Иштихон тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Самарқанд горнизони, вилоят Нуронийлар кенгаши масъул ходимлари, Зартепа маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси яқиндан ёрдам берди.
Биз учун катта ибрат мактабини яратиб кетган падари бузрукворимиз Усмон Эшбеков 1922 йил 5 июлда Иштихон туманидаги Таллак қишлоғида туғилган. 1937 йилдан 1941 йил июнигача Оқдарё туманидаги Ойтомол қишлоғида мактаб ўқитувчиси бўлган.
1941 йил 22 июнда уруш бошланганидан кўп вақт ўтмай Эшбек бувамизнинг тўрт ўғли – Суннатилла, Омон, Исмон ва эндигина 19 ёшни қаршилаётган Усмон Эшбеков жангга отланган. Улар ўша кезда Самарқандда ташкил этилган “Ўзбек дивизияси” сафида фронтда хизмат қилган. Кейин жанггоҳга жўнатилган. Кўп ўтмасдан Суннатилла ва Омондан қорахат келган...
Фронтнинг олд қисмида “Ўзбек дивизияси” қақшатқич жангларда жуда кўп талафотлар кўрган. Сўнг, анча камайиб қолган аскарлар бошқа қисмларга қўшиб юборилган. Усмон Эшбеков хизмат қилаётган рота Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-гвардиячи ўқчи дивизияси таркибида жангни давом эттирган.
1944 йил бошларида Усмон Эшбеков жангда ярадор бўлади. Ўша кезларда Олий бош қўмондоннинг бир буйруғига биноан “уруш ногирони бўлган ўқитувчилар захирага бўшатилиб, улар зиммасига тезда мактабларни қайтадан очиш” вазифаси юклатилади.
Усмон Эшбеков урушдан ногирон бўлиб келган пайти Таллак қишлоғи Оқдарёдан Иштихон тумани таркибига ўтказилган бўлиб, қишлоқда янги мактаб бунёд этиш зарур эди. Ўша давр фаоллари биргалашиб, ҳозирги 7-ўрта мактабни бунёд этишган. Усмон Эшбеков 1960 йилгача кечки мактабда дарс бериб, кундузи хўжалик ишларига жалб этилган. Оғир замонларда турли соҳаларда, жумладан, Митан пахта тозалаш заводида ишлаган, жамоа хўжалигида бригадир, хўжалик пиллачилик бригадаси бошлиғи ва бошқа масъул ишларда фаолият кўрсатган.
Бир пайтлар пойтахт шаҳар майдонларида Ғалаба байрами қандоқ юксак даражада ўтказилган бўлса, бугун қишлоғимиздаги мўъжазгина уй-музей ҳовлисида ва 7-умумий ўрта таълим мактаби спорт залида ҳам шундай юқори савияда ташкил этилмоқда. Айниқса, ҳарбий оркестрларнинг чиқишлари, эпчил, чаққон ва жасур аскарларнинг спорт ўйинлари, қўл жанги, замонавий ҳарбий кўргазмалар ёш авлод қалбида она Ватанимизга маҳаббат ва садоқат туйғуларини янада жўш урдираётганган бўлса, таниқли шоирларнинг дилтортар шеърлари келажакка умид, янги Ўзбекистонимиз истиқболига иштиёқ уйғотмоқда.
Уй-музейининг асосий қисмини Тошкентдаги “Ғалаба боғи”дан олинган ноёб суратлар, Иккинчи жаҳон уруши хотираларига оид экспонатлар, уруш йилларида фронт ортида қишлоқларимизда бўлган уй-рўзғор анжомлари, шунингдек, ноёб китоблар жамланган жавонлар ташкил этади. Президент совғаси бўлган телевизорда “Ғалаба боғи”дан тайёрланган видеофильм ҳамда отамиз Усмон Эшбеков босиб ўтган шарафли йўл, она Ватан олдидаги бурчларини қандай матонат билан бажарганларига оид лавҳалар намойиш этиб турилади.
Аждодлар ҳаёти, улар қолдирган ёрқин хотиралар авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Мен ота-онам хотирасини ёдга олиб, хонадонимизга ташриф буюрган меҳмонларнинг улар ҳақидаги қимматли фикрларини тинглар эканман, шундай инсонларнинг фарзанди бўлганимдан ғурурландим. Улар ҳаётлик вақтларида ўзлари кўрсатган матонатни албатта, бир инсоннинг табиий умри деб билишгандир эҳтимол. Аммо, биз меҳнаткаш, камтарин ва камсуқум ота-онамиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Оромжон Эшбеков,
уй-музейи директори.