ХТВ автомашина акцияси бўйича ўқитувчилар дуч келган муаммони ҳал этди

Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors компанияси эълон қилган акция бўйича ўқитувчилар “иш жойидан олиб борган маълумотнома салонларга ўтмаётгани, улар маълумотномани халқ таълими бўлимларидан олиб келиш лозимлигини айтаётгани” каби муаммоларга дуч келаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.

Халқ таълими вазирлиги UzAuto Motors компанияси билан мазкур масала бўйича музокара олиб борди, дея маълум қилди ХТВ матбуот хизмати.

Музокара натижасига кўра, ушбу масалага ойдинлик киритилди. Яъни, умумтаълим мактаби ўқитувчиси иш жойидан олиб борган маълумотномани дилерлар қабул қиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors компанияси барча ўқитувчиларни касб байрами билан муборакбод этган ҳолда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан махсус акция эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.