«Худо қайтиб берган» одам

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бугун самарқандлик ижодкор, шоир ва драматург Машраб Бобоевни эслаймиз.
Таниқли шоир ва драматург Машраб Бобоев 1941 йилда Пайариқ туманида туғилган. 1956 йилда ўрта мактабни битиргач, аввал жамоа хўжалигида, кейин қишлоқ кутубхонасида ишлаган. 1960-1965 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетида таҳсил олган.
Республика халқ ижодиёти уйида услубчи, Самарқанд вилоят халқ ижодиёти уйининг директори, “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлаган. Республика радиоси “Шарқ юлдузи” журнали, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатди. Театрларда адабий эмакдошлик қилди. Маданият ишлари вазирлигида репертуар бўлими мудири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги таржима таҳририятининг бош муҳаррири бўлиб ишлади.
Машраб Бобоев адиб сифатида ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб матбуотда кўрина бошлаган. Унинг «Онамга хат», «Баҳор кайфияти», «Пахтам менинг — бахтим менинг», «Гурунг», «Кечки троллейбус», «Бағишлов», «Олисдаги чироқ», «Сўз», «Мен билган сир», «Қани менинг юлдузим?», «Номсиз юлдузлар» каби ўнлаб китоблари нашр этилган. Шунингдек, у «Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Тошкентдан келган меҳмон» («Гурунг»), «Тунис президенти» («Мушкул савдо»), «Бизнинг ҳовли» («Онаизор»), «Ўз уйингдасан», «Қани менинг юлдузим?», «Суянч тоғлари» каби бир қатор саҳна асарлари ёзиб, томошабинлар эътиборини тортган.
Машраб Бобоевнинг «Ирода», «Севги нидоси» ҳамда «Кўнгил кўчалари» деб аталган кўп қисмли видеофильмлари намойиш этилган.
У моҳир таржимон ҳам эди. А.Пушкин, Р.Ҳамзатов ва бошқа шоирларнинг шеърларини, В. Катаевнинг «Хаёл чечаклари» романи, Муин Бсисунинг «Ташриф қоғози», Отар Чиладзенинг «Рангин дунё» шеърий китоби ва йигирмадан ортиқ драматик асарларни ўзбек тилига таржима қилган.
Машраб Бобоев 1995 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.
***
«Худо қайтиб берган» одам
Умрим узоқ бўлар менинг ҳам,
Кўзим очиқ кетмас оламдан.
Не-не умид узилгани дам
«Худо қайтиб берган» одамман.
Йўлларимда не-не муаммо,
Не-не сурон, не хавфу хатар.
Тақдиримда гулшанлар аро
Не курашлар қалашиб ётар!
Ҳали олис ўшал қутлуғ кун,
Парвозингни баланд ол, юрак!
Курашларда енгмоғим учун
Узоқ умр кўрмоғим керак!
***
Ҳаёт
Ҳаёт турли жойда турлича кечар,
Турли шаклларда бўлар намоён.
Ҳаёт — қишни ёриб чиққан бойчечак,
Ҳаёт — ушалмаган, ушалган армон.
У қайдадир меҳр-муҳаббат, ихлос,
Қайдадир ёзилмай қолган бир варақ.
У қайдадир руҳан ва жисман парвоз,
Қайдадир руҳан ва жисман жасорат.
Ҳаёт — чол юзида ажин ва қайғу,
Зулумот бағрини тилка қилган нур.
Бола чеҳрасида мусаффо кулгу,
Ватан тақдирига жойланган умр.
* * *
Гулзорларда сайрайди булбул тун бўйи,
Тун бўйи оқади бир дардли хониш.
Мудроқ туйғуларни уйғотар куйи,
Оҳанги танишу тили нотаниш.
Бошларни ирғаймиз, бир тасвир излаб:
— Мунчалар ёқимли бу наво? — деймиз.
Кейин катталарнинг гапини эслаб:
— Гулдан-гулга қўнган бевафо! — деймиз.
Гулдан-гулга қўниб, бардош тилайди,
Туннинг йироқлигин сўйлайди булбул.
Она бўлиб гуллар бошин силайди,
Буюк тонг қўшиғин куйлайди булбул.
Тун борки, бечора сайрайди тинмай,
Тонг дея, нолада ўтказар тунни.
Биз эса тилини таржима қилмай –
Нелар деб, гуноҳкор қилмаймиз уни.