Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди
2020 йил 22 январда Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди ва жорий йил 23 январдан кучга кирди. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Эндиликда мансабдор шахслар томонидан хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10-15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Хусусий бандлик агентликларининг мансабдор шахслари томонидан ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этмаслик, шунингдек, маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки маълумотларни тақдим этиш муддатини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 15-25 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 25-35 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Абдуазиз ҲАФИЗОВ,
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилояти филиали директори.