"Korean and migration xususiy bandlik agentligi" бўйича очиқ суд жараёни бошланди

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида судланувчилар Қаҳрамон Отақулов (1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам судланган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ директори), Одил Кабилов (1963 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ Наманган вилояти филиали директори), Хушвақт Турдиев (1973 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ таъсисчиси), Мусурмон Алиқулов (1970 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ ўқув ишлари бўлими директори), Анваржон Шамшиддинов (1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ Наманган вилояти филиали иш юритувчиси), Орифжон Жўраев (1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ Наманган вилояти филиали ғазначиси), Мавлуда Отажонова (1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ ҳисобчиси), Раъно Нуралиева (1976 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ кадрлар бўлими инспектори), Канг Нам Кю (1968 йилда Корея Республикасида туғилган, муқаддам судланган, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ ҳамкори) ва Жалол Хидиров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, воситачи)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

Мазкур жиноят иши судья Т.Қосимов раислигида кўрилмоқда.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогарлар мавжуд.

Айблов хулосаси бўйича моддий зарар миқдори 24,2 миллиард сўм бўлиб, шундан дастлабки тергов мобайнида 13,3 миллиард сўм миқдорини бартараф этиш чораси кўрилган.

Суд жараёни давом этмоқда. Кейинги суд мажлиси 8 июнь кунига тайинланган, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.