Ягона миллий меҳнат тизими нима? Электрон меҳнат дафтарчасига қандай маълумотлар киритилади?

Республикамизда 2020 йил 1 январдан бошлаб иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларни тугатиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказиш амалга оширилмоқда.

Бунда иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базаси шакллантирилаяпти.

Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобланган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларига ҳисобланган солиқлар, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига тўловлар ҳақидаги ахборотга асосланган электрон меҳнат дафтарчасида жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Маълумотлар идоралараро тизимлаштирилган тарзда тузилиб, мунтазам равишда электрон алмашинади. Унинг афзаллиги шундаки, ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотлар киритилиб борилади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари асосида пенсия ёшидаги ишлаётган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида ҳар куни янгиланадиган баланс шакллантирилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу тизимни жорий қилишдан кўзланган асосий мақсад, бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш орқали ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, қоғозбозликни камайтириш, бўш иш ўринларига талаб этиладиган олий маълумотли мутахассисларга бўлган талабни аниқлаш орқали кадрлар тайёрлашнинг аниқ режасини белгилаш кўзда тутилган.

Яқин қариндошларнинг паспорт нусхалари нима учун керак?

Одатда амалиётда фуқаро ишга қабул қилинганда талаб қилинадиган маълумотномада ходимнинг яқин қариндошлари  тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади. Шу сабабли ушбу дастурда ходимнинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотни шакллантириш учун, яқин қариндошларининг паспорт серияси ва рақами керак бўлади.

Ягона миллий меҳнат тизими жорий этилгач, интернет орқали бировнинг маълумотини қўлга киритиш мумкинми?

Ягона миллий меҳнат тизимига кириш, маълумотлар киритиш юридик шахс номига расмийлаштирилган электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали амалга оширилади. Шу сабабли, фақатгина юридик шахснинг ваколатли жисмоний шахси (ходим)га маълумотларни кўриш ҳуқуқи берилади.

Интернет орқали фуқаро ўзи ҳақидаги маълумотларни қандай олади?

Ходим ўзининг номига расмийлаштирилган, жисмоний шахс электрон рақамли имзо (ЭРИ)си билан кирган ҳолда, ўзининг иш жойи, лавозими ва бошқа маълумотларини олиши мумкин.

Вилоят бандлик бош бошқармаси бу борада қандай тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боряпти?

Вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКни қўллаш бўйича вилоятнинг бюджет ва хусусий корхоналарининг ходимлар билан ишлаш бўлими масъулларига ўқув-семинарлар ташкил этмоқда. Йирик саноат корхоналарига бошқарма ходимлари бириктирилиб, жойларда амалий ёрдам берилмоқда. Ходимлар ҳар кун туманларга бориб, туманнинг йирик соҳа ташкилотларининг масъуллари учун тушунтиришлар олиб бормоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида мавжуд бўлган жами 33404 та юридик шахслардан 2861 таси,  406 841 нафар ходимдан 30283 нафари тўғрисидаги маълумотлар ягона миллий меҳнат тизими базасига киритилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.