«Электрон меҳнат дафтарчаси” жорий этилиши бўйича расмий баёнот берилди
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 2019 йилнинг 1 январидан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ўрнига “Электрон меҳнат дафтарчаси” жорий этилиши ҳақида турли хабарлар эълон қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимини жорий этиш сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида, 2019 йилнинг 1 январидан “Электрон меҳнат дафтарчаси” амалиёти дастлаб синов тариқасида фақат вазирлик тизимида ишга туширилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад, “Электрон меҳнат дафтарчаси”ни Республика бўйлаб кенг тадбиқ этишдан аввал синов лойиҳаси орқали тизим ишончлилигини текшириш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш ва тизимни янада такомиллаштиришдан иборатдир. Энг муҳими, қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасидан электрон шаклга ўтиш жараёнида аҳоли учун ортиқча мураккаблик ва чалкашликлар юзага келмаслиги учун вазирлик томонидан ана шундай тажриба йўлга қўйилмоқда. Шу боис, мавжуд маълумотларнинг дахлсизлиги ва тўлиқ сақланишини кўзлаган ҳолда одатий қоғоз кўринишидаги меҳнат дафтарчалари тизими ҳам сақлаб қолинди, яъни “Электрон меҳнат дафтарчаси” амалиётга тўлиқ жорий қилингунча, қоғозли меҳнат дафтарчаси ўз кучини йўқотмайди ва шу асосда фуқаролар ишга қабул қилинади.
Электрон меҳнат дафтарчаларини оммавий жорий этишни 2019 йилнинг биринчи ярмидан амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимининг тўлиқ ҳуқуқий асосга эга бўлиши учун тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар олиб бормоқда.