Янги китоб: «Кўнглим»

Кубарро Баҳромова Самарқанд адабий муҳитининг таниқли, тажрибали вакилларидан бири. Бу аёл Оқдарёнинг Янгиқўрғон қишлоғида шоира бўлиб туғилган, десак, хато бўлмас.

Негаки, у мактабдаёқ бошлаган ижодини то ҳануз бир маромда давом эттириб келмоқда.

Кубарро опадан ҳатто талабалигида шеърларини деворий газетага сўраб олишарди. Бундай камтарлик улғайганида ҳам у кишини тарк этмади, таҳририятларда ишлага­нида ўзидан кўра кўпроқ ижодкор сингиллари, укалари машқ­ларини беришга интилди. Менинг ижодимга ҳам ана шундай ғамхўрлик қилганлар. Ҳозирда ҳам ҳар бир китобимга, албатта, муносабат билдиради. Устозимиз Ҳамида Каримова сўзбошида «Кубаррони шахсан менинг ўзим ҳам дилрабо, яъни ўзига тортадиган, ёқимли инсондай қабул қиламан. Бу нарса унинг шеъриятга муносабатида ҳам муҳим», деганида юз карра ҳақдир.

К.Баҳромованинг «Саҳҳоф» нашриё­тида чоп этилган «Кўнглим» тўпламидаги шеърлар бу фикрлар исботи­дир. Уларда аёлнинг меҳрибон қалбидан ташқари юксак инсоний фазилатлар шарҳи ўрин олган. Муаллиф қувонган, ташвишли одамга ҳам бир хил муносабатда бўлади, ҳаётга теран қарашга ундайди, салмоқли хулосалар чиқаради:

Майли, дунё бўлсин бири кам,

Қўллаб тургин эй, Ҳаёт - онам!

Хуллас, Кубарро опанинг саккизинчи китоби ҳам сизни бефарқ қолдирмайди, ўқиб, баҳра оласиз. Муаллифга эса ижодда жўшқинлик ва оқилалик ҳамиша ҳамроҳ бўлишини истаймиз.

Фармон Тошев.