Янги кўринишдаги Кенгашлар қандай бўлади? Айрим депутатларимиз ОАВдаги чиқишлари билангина фаолият юритаётганга ўхшайди
Давлатимиз раҳбари маҳаллий ижроия органи бўлган ҳокимликлар ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолиятини чуқур ўрганиш, қайта ташкил этиш ҳамда Кенгаш ва ҳокимлик фаолиятидаги бир хилликка барҳам бериш, шу пайтгача фаолият юритиб келган халқ депутатлари кенгашларининг алоҳида юридик ташкилот сифатида фаолиятини йўлга қўйиш ташаббусини ўртага ташлаган эди. Бу таклиф ва ташаббус мамлакат сиёсий ҳаёти ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида янги босқични бошлаб беради. Негаки, айни пайтда фаолият юритаётган вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари бевосита ҳоким раҳбарлигидаги ва унинг аппарати, бўлим ва бошқармалари иштирокидаги халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда депутатларидан иборат эди. Буни ҳам маҳаллий ҳудудда қарор чиқарувчи (вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари) ҳамда ижро этувчи органларнинг сезилар-сезилмас ягона тизимга бирлаштирилганлигидан билиш мумкин эди. Ҳам қарор чиқарувчи, ҳам ижро этувчи ҳамда унинг назоратини қўлга олган ташкилот (ҳокимликлар)нинг икки йўналишда фаолият юритиши ҳеч бир ошкоралик, холислик, қолаверса, демократик тамойилларга мос эмас эди.
Янги ташкил этилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини бошқарувчи котибият бу борадаги бир хиллик, бир-бирининг фаолиятини такрорлаш, узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган ҳам ижро, ҳам қарор чиқарувчилик вазифасини чеклашга туртки бўлди.
Бугун халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашида ҳам котибият фаолияти йўлга қўйилди. Бу амалиёт мамлакатимизда ушбу тизимни ҳаётга кенг татбиқ этиш мақсадида синов-тажриба тариқасида жорий этилаётган бўлса-да ўз самарасини кўрсатмоқда.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг кейинги сессиялари ўзгача руҳда, янгича сиёсий фаоллик ва ишчанлик кўринишида ўтмоқда. Аввало, ҳозирги пандемия шароитида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ташаббуси билан онлайн тизимда сессия ўтганлиги диққатга сазовор. Эндигина фаолиятини бошлаган халқ депутатлари Кенгаши котибияти ҳамда доимий комиссиялар, депутатларнинг жипслиги, кун тартибига қўйилган масала моҳиятига жиддий ёндашув ҳамда ҳар бир масала юзасидан халқ сайлаган вакил сифатида сайловчиларнинг манфаатини кўзлаб қарор қабул қилишга бўлган масъулият сессияларнинг юқори даражада, ишчанлик билан ўтишига хизмат қилмоқда. Аввало, муҳокама этилаётган масалага тегишли доимий комиссиялар томонидан аввалдан тайёрланиб, депутатлар ушбу масала юзасидан етарли даражада тушунчага эга бўлганликлари туфайли сессияда жонли мулоқот, холис баҳс-мунозаралар авж олди.
Депутат сўровлари шу пайтга қадар кўпроқ расмий тусдаги оддий қоғоз қоралашдан бошқа нарса эмас эди. Эндиликда халқ вакиллари ҳисобланган депутатлар ва халқ хизматида бўлган давлат ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ўртасидаги расмий мулоқотлар орқали муаммоларни ҳал этишнинг янги йўлларини аниқлаш ва белгилаш имконияти яратилмоқда. Эндиликда ҳар бир депутат ўз сайловчисининг муаммосини, ҳудудда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш юзасидан шаҳар ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, ташкилотлар раҳбарларига депутат сўрови сифатида мурожаат этиб, тегишли жавобни олиш – муаммоларни ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сайловчиларни хабардор қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Сессияларда депутатлар ва ижро ҳокимияти мутасаддилари ўртасида баҳс-мунозаралар бўлаётгани, ҳар бир масала қизғин муҳокама этилаётгани фикрлар хилма-хиллиги асосида аҳоли манфаатидан келиб чиқиб, адолат қарорлар қабул қилинишида муҳим омил бўлмоқда.
Баҳс-мунозаралардаги холислик, ошкоралик депутат ва мутасаддилар ўртасидаги бир-бирига ҳурмат, кўтарилаётган муаммони ҳал этишдаги амалий таклиф ва муносабатларнинг қай тарзда билдирилишига ҳам боғлиқ. Шу ўринда самимий муносабат, деган тушунчани бундай тадбирларимизда кенг қўллашимиз зарур, деган фикрга келдим.
Аммо айрим корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарларининг депутат сўровига масъулиятсизлик билан қараётганидан ҳам бугун кўз юмиб бўлмайди.
ёндашаётганлигини афсус билан тилга олиш зарур. Депутат ҳеч қачон ўзининг шахсий муаммосини ҳал қилиш учун мутасаддига мурожаат этмайди: ҳамиша депутат сайловчилари ва улар яшаётган ҳудудда тўпланиб қолган муаммоларнинг сабабини ўрганиб, унинг ижросини таъминлаш учун мутасаддиларга қонунда белгиланган тартибда мурожаат этади.
Бугунги кунда депутатлик сўровларига муносабат бобида мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг иш услуби мутлақо талабга жавоб бермайди. Депутат сифатида бирон-бир мутасаддига расмий мурожаат этадиган бўлсангиз, аввало, сизнинг ўзига бўлган «шахсий муносабати»ни ўрганиб чиқади! Оқибатда, бундай сўровларга зарур жавобни олишда муаммолар юзага келади.
Халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилган. Ва бу ҳисоботлар дастлаб тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилиши, сўнгра сессияга олиб чиқилиши керак. Аммо амалда бу механизм ишламаяпти. Сессияни чақириш ҳақидаги ахборотдагина кимнинг ҳисоботи эшитилиши маълум қилинади. Депутатлар ахборот ёки ҳисоботни фақат сессия чоғида оляпти, тинглаяпти. Эндиликда котибият бу масалага жиддий эътибор қаратиши зарур.
Кейинги пайтларда депутатларимиз ўз фаолиятлари ҳақида оммавий ахборот воситалари, расмий сайтларда чиқишлар қилмоқда. Бундан қувониш керак. Депутат борки, албатта, ўз фаолияти ҳақида сайловчиларини огоҳ этишни, уларнинг ташвишлари билан яшашни ва бу ташвишларни ҳал этишга ҳисса қўшишни истайди. Аммо, депутат ўз фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиши билан ўз фаолиятини бажаряпти, деган хулосага келиш ноўрин. Афсуски, айрим депутатларимиз оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари билангина фаолият юритаётганга ўхшайди.
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши котибияти ўз фаолиятини янги, синов даврида бошлаганлигини эътиборга олиб, ҳали олдинда Кенгаш ва унинг масъулларини жиддий синовлар кутиб турганлигини таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳали аниқ бир андазага эга бўлмаган фаолият йўналишини янги йўриқномалар асосида йўлга қўйиш ходимлардан ўқиш, уқиш, ҳар қандай синовга тайёр бўлишни тақозо этади.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.