Янги лойиҳа - “Жасорат мактаби”
Ҳудудларда профилактик ҳисобда турган ҳамда тарбияси оғир ёшлар қалбида ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
“Жасорат мактаби” деб номланган мазкур лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳридаги Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида ўқув йиғини ўз фаолиятини бошлади. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 100 нафар ёш иштирок этмоқда.
Йиғинда ёшлар учун малакали мутахассислар томонидан касб-ҳунар ва тадбиркорлик сирларини ўргатиш бўйича мотивацион тренинглар, маҳорат дарслари ташкил этилади.
- Ўқув йиғинининг биринчи кунидаёқ катта таассуротларга эга бўлдим, - дейди булунғурлик Элдорбек Сатторов. – Ҳарбий форма кийдик, тиббий кўрикдан ўтдик. 10 кун давомида керакли бўлган билим ва кўникмаларни эгаллаб, ишли бўлишни ният қилганман. Бу ерда биз ҳам ҳунар ўрганиш, ҳам маданий ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўламиз.
Дарҳақиқат, йиғин доирасида психологик машғулотлар, маънавий-маърифий тадбирлар, саф ва жанговарлик тайёргарлиги, кинофильмлар намойиши ҳамда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилади.
Йиғин якунида иштирокчиларга ишга жойлашиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун махсус сертификатлар тақдим қилинади.
Чарос САИДОВА,
Жасурбек ШУКУРОВ (фото).