“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" спорт мусобақаларининг вилоят босқичига старт берилди

Самарқанд шаҳридаги ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослашган спорт мактабида шу номдаги спорт мусобақаси ҳудудий босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов ушбу мусобақа миллий терма жамоалар учун иқтидорли ёшларни саралашда катта танлов майдони бўлиши билан бирга юртимизда оммавий спорт тарғиботини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, иштирокчиларга омад тилади.
Мусобақада 15-17 ёш тоифасида таэквондо WT бўйича туман ва шаҳарларда ўтказилган минтақавий босқичда ғолиб бўлган ёшлар иштирок этмоқда.
“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" спорт мусобақалари доирасида ёшлар дзюдо, бокс, таэквондо WT, оғир атлетика, юнон-рум кураши, эркин кураш, енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, баскетбол спорт турлари бўйича беллашади.
Мусобақанинг вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган Президент олимпиадасида иштирок этади.
Ғолиблар уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши ҳамда биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилиниши белгиланган. Бунда 1-, 2-курс ўқувчиларига тегишли тартибда стипендия тўланади.