Янги йил шукуҳи

– Янги йилнинг ҳар лаҳзаси унутилмас завқ улашувчи байрам, – дейди Самарқанд шаҳри Панжакент маҳалласида яшовчи Наргиза Абдухолиқова. – Янги йилда аввало болалар хурсанд бўлсин деймиз, улар учун совғалар тайёрлаймиз. Байрам ярмаркасидан турли ўйинчоқлар, арча безаклари харид қилдим.  

Кўксарой майдонидаги 20 дан зиёд савдо павильонларидан турли ҳажмдаги сунъий арчалар, ранг-баранг арча безаклари, байрамона интерьер буюмлари, болалар ўйинчоқлари, тақвимлар, чироқчалар, қувноқ давралар учун янги йил либослари, ниқоблар ва бошқа сувенирларни харид қилиш мумкин.

Расталардаги маҳсулотларнинг асосий қисми хориждан келтирилган бўлса-да, ўзимизда ишлаб чиқарилган болалар ўйинчоқлари, ҳунармандлик буюмлари ҳам харидорларга манзур бўлмоқда.  

Мустақиллик кўчасидаги байрам ярмаркаси ҳам юртдошларимиз билан гавжум. Боиси, шаҳар аҳолиси ҳар йили совғаларни шу ердан харид қилишга одатланган. 

– Ҳар биримиз байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишни истаймиз, – дейди Кимёгарлар шаҳарчаси, Дарғом маҳалласида яшовчи Олтиной Шоқосимова. – Байрам эса совғаларсиз кўнгилдагидек ўтмайди. Ярмаркалардаги нархлар бозордан сезиларли фарқ қилмаса-да, бу ердан совға харид қилишнинг гашти ўзгача. 

Бу йил байрамнинг асосий арчаси вилоят мусиқали драма театри биноси рўпарасида ўрнатилди. Арча ёнидаги саҳнада томошалар 20 декабрдан бошланади.