Янги марказда 58 хил давлат хизматлари кўрсатилади
Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.
Бу янги тузилма Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги фармони асосида ташкил этилиб, собиқ "Ягона дарча" марказларининг ваколатларини тўла бажаради ва босқичма-босқич қўшимча хизмат турларини ҳам кўпайтириб боради.
– Хизмат кўрсатишнинг бундай тури қабул қилинишига аввалги давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиби бир мунча мураккаб ва фойдаланиш учун қийин бўлиб қолганлиги сабаб бўлди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходими Алишер Примов. – Президент фармони билан бу тизим қайтадан ташкил этилди ва фақат тадбиркорлар эмас, аҳолининг барча қатламлари белгиланган хизмат турлари бўйича давлат марказлари хизматининг туман-шаҳарлардаги бўлимларига мурожаат этишлари мумкин бўлди. Эндиликда бу ерда ҳар бир киши аввалги 33 та хизмат турларидан фойдаланиш имконига эга бўлди ва 2020 йилнинг сўнгига қадар 58 турдаги давлат хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.