Япония парламенти вакили Ueno Michiko хоним бошчилигидаги делегация СамАТИга келди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига келган ушбу таркибида парламент вакиллари билан бирга Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари бўлиб, улар институт профессор-ўқитувчилари томонидан илиқ кутиб олинди.
Дастлаб, меҳмонлар институт фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Япония олий таълим муассасалари ва ташкилотлари билан олиб борилаётган ҳамкорлик лойиҳалари, амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар бўйича тақдимот қилинди.
Ҳозирда институт Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети ҳамда “Япония - Ўзбекистон” Ассоциацияси билан ҳамкорликда “Самарқандда қуритилган хурмодан фойдаланган ҳолда қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш” номли халқаро лойиҳани амалга оширмоқда.
Делегация вакиллари ушбу лойиҳанинг дастлабки натижалари билан танишар экан, Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳолининг даромадларини ошириш бўйича катта имкониятлар мавжудлигини эътироф этди.
- Биз ҳозирда кўпроқ қишлоқ хўжалигига эътибор қаратяпмиз, - деди Ueno Michiko хоним. – Қуритилган хурмо Япония оилаларида ҳам тайёрланади. Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университети билан ҳамкорликда олиб борилаётган ушбу лойиҳанинг бажарилишида қўлдан келганча ёрдамимизни аямаймиз. Келажакда ушбу лойиҳа катта бир саноатга айланишини истайман.
Учрашувда япон вакиллари яна бошқа меваларни ҳам қуритиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш таклифини билдирди.
Ташриф якунида истиқболдаги режалар юзасидан фикр алмашилди ҳамда Япония парламенти вакиллари институт фаолиятини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашларини билдирди. Меҳмонларга институт томонидан эсдалик совғалари берилди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари учун ажратилган майдончада парламент вакиллари - Ueno Michiko хоним, Sugio Hideya жаноблари ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университети декани, профессор Funada Ryo томонидан Plum Pissarda (Прунус пиццарди) дарахт кўчатлари экилди.