Яратилган имкониятларни қадрлаш керак
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида бошқарманинг бўлим бошлиқлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Қўшработ туманидаги умумтаълим муассасаларининг янги ўқув йили, куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг ҳолати ўрганилди.
Дарҳақиқат, жорий ва ўтган йиллар давомида айни пайтга қадар фойдаланилмасдан келинаётган касб-ҳунар коллежлари тегишли тартибда умумтаълим мактабларига фойдаланишга топширилди. Ушбу эзгу саъй-ҳаракат навбатлилик койфиценти белгиланган меъёрдан юқори бўлган мактаблар учун айниқса, фойдали бўлди. Муҳими, шу орқали баъзи умумтаълим мактаблари бир пайтнинг ўзида барча талаблар асосида бунёд этилган замонавий биноларга, фаоллар ва спорт залларига, мустаҳкам моддий-техника базасига, зарур ўқув жиҳозларига эга бўлди. Афсуски, мана шундай имкониятга эга бўла туриб, унинг қадрига етмаётган баъзи мактаб директорлари ҳам борки, уларнинг сусткашлиги, ўзибўларчилик кайфиятида иш олиб бораётганидан хафсалангиз пир бўлиши тайин.
2019 йил январда Қўшработ маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг 540 ўринли биноси 88-умумтаълим мактабига топширилган. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов ушбу мактаб фаолияти билан бевосита танишди.
Аслида барча имкониятга эга бўлган мактаб биноси тобора хароб аҳволга келган. Айниқса, спорт ва фаоллар зали фойдаланишга топширилгандан буён мутлақо қаровсиз қолдирилган. Спорт залнинг кириш-чиқиш эшикларининг ойналари синиб тушган, кийиниш, ювиниш хоналаридан, зарур жиҳозлардан фойдаланишнинг аҳволи қониқарсиз. Спорт зал томининг айрим қисмлари кўчиб тушган. Тарновларнинг кўчгани оқибатида ёмғир сувлари зал фасадини ювиб кетган. Мактаб ҳовлиси бегона ўтлардан тозаланмаган, ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган, сув бўлса-да, дарахтлар сувсизликдан қурияпти. Кутубхонада эса номигагина қўйилган кўргазмалар ва юзтага ҳам етмайдиган китоблардан бошқа ҳеч нарса йўқ. 88-мактаб директори Тўрақул Абсановнинг мана шундай кенг имкониятга эга бўлган мактаб биносини хароб ҳолга келтириб, қандайдир буйруқни кутиб ўтирганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди!
Худди шундай ҳолатга 89-умумтаълим мактабида ҳам гувоҳ бўлдик. Собиқ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган мазкур мактабда ҳам 2019 йил сентябрдан буён бирор янгиликка қўл урилмаган. Ёшлиги, ғайрат ва шижоат билан ишни ташкил этишига умид боғлаб, ушбу мактабга директор сифатида тайинланган Даврон Бобоев барча ишни ташқаридан келиб, кимдир қилиб беришини кутиб турибди. Агар бундай бўлмаганда, мактаб стадиони тизза бўйи ўт босиб ётган, ҳожатхонаси антисанитария аҳволда бўлмасди. Ҳеч “тебранишни” истамай турган Даврон Бобоевнинг шундай кутиши давом этса, мактаб спорт залининг томи ҳам қулаб тушиши мумкин.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қўшработ туманининг энг чекка ҳудудлари, жумладан, Урганжи, Оқчопсой, Оқтош қишлоқларидаги мактабларда ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан ҳам танишди.
Тумандаги 28-мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриляпти. Бироқ жиҳозлардан фойдаланишнинг ҳолати ачинарли. Синфхоналар, кутубхона, спорт залдаги ювиниш, кийиниш хоналарининг эшиклари тутқичлари “юлиб олинган”. Номигагина илинган шиорлардан таъбингиз хира тортади. Масалан, “Янги йилингиз билан”, деган ёзув ҳалигача мактаб биноси пештоқида илинган турибди... Бошқарма бошлиғи мактаб директори Шокир Нурбоевга тегишли топшириқларни берди.
Оқчопсой маҳалласида жойлашган 51- ҳамда 58-умумтаълим мактабларида ҳам янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўрилмоқда. Аниқланган камчиликлар бўйича директорларга зарур топшириқлар берилди.
Қўшработ туманидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш натижалари бўйича батафсил маълумот берилади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.