2022 йил сарҳисоби: Халқ таълими йўналишида эришилган натижалар қониқарлими?
Республика бўйича 2022 йилда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди.
Таълим мазмунига янги замонавий методикаларни кенг жорий этиш доирасида ЮНИСЕФ ташкилоти, Cambridge University Press ва Oxford University Press нашриёт уйлари ҳамда Буюк Британия, АҚШ, Германия, Финландия, Россия, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг 21 нафар халқаро экспертлари ҳамда юзлаб маҳаллий мутахассислар томонидан Янги Миллий ўқув дастури ҳамда унга асосан 296 номдаги янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари яратилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ташкил этилган “мобил методик гуруҳлари” томонидан 978 нафар ўқитувчи билимлари диагностикадан ўтказилиб, янги методикалар асосида ўқитилди.
Ҳаёт давомида таълим олиш тамойили асосида “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали 341 минг нафар ўқитувчининг малакаси оширилди. Натижада 278 минг нафар педагог аттестациядан ўтказилиб, тоифага эга ўқитувчилар сони 220 мингдан 325 мингга кўпайди (43,8 фоиздан 64,8 фоизга ошди).
Мактаб ўқитувчилари билимини халқаро дастурлар асосида баҳолаш (EGRA, EGMA ва PISA) йўлга қўйилди. PISA–2022 дастури бўйича 191 та мактабда 15 ёшли ўқувчилар орасидан 6 969 нафарида сўровномалар ўтказилди.
Янги ўқув йилидан бошлаб 137 та мактабда инклюзив синфлар ташкил этилиб, 245 нафарга яқин ногиронлиги бўлган болалар таълим олиши учун шароит яратилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 139 374 нафар (726 та мактаб) ва Хоразм вилоятида 134 315 нафар (549 та мактаб) бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиши ташкил этилди.
Барча мактаблар тўғрисидаги маълумотлар рақамлаштирилди, 6,3 миллион ўқувчи ва 700 минг ходимларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди.