ХТВ мактабларга ёрдам фақат ихтиёрий бўлиш кераклигини эслатди

Ўқув йили якунланар экан мактаб маъмурияти томонидан мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ҳаракатлари бошланади. Йил давомида ҳар куни юзлаб болалар келиб таълим олган масканни янгилаб, янги ўқув йилига тайёрлаб қўйиш жуда муҳим. Бугун оммавий ахборот воситаларидан мактабларни жорий таъмирлаш масалаларига аслида ким масъул деган кўплаб саволлар келиб тушмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг тегишли Фармон ва Қарорлари билан умумтаълим мактаблардаги қурилиш таъмирлаш, ободонлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, куз-қиш мавсумига тайёрлаш, халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, яъни мактабнинг шаклига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланган.

Лекин жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини барча яхши билади. Мактабларда йиллар давомида йиғилиб қоган муаммолар борлиги, мактаб доимий эътибор талаб қиладиган маскан бўлгани сабабли ажратилаётган маҳаллий бюджет маблағлари уларни ҳал қилишга ҳар доим ҳам етмайди.

Шу боис мактаб маъмурияти имкони борича ёрдам қила олиши мумкин бўлган ота-оналар ва ҳомийларнинг ёрдамини олишга ҳам ҳаракат қилади. Бироқ мактаб маъмуриятларига ҳаммага бир хил ёндашиб, мажбурий пул йиғиш ҳолатларига йўл қўйилмаслигини, мактабларга ёрдам фақат ихтиёрий бўлиш кераклигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Юртимизда мактабларга ёрдам мавзуси умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурган ва бугун ўз фарзанди таҳсил олаётган мактаб шароитини холисона яхшиламоқчи бўлган ота-оналар ва ҳомийлар анчагина.

Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги фарзанди таҳсил олаётган мактабларга беэътибор бўлмаётган, мактбалардан холис ёрдамини аямаётган ота-оналарга, ҳомийларга ва барча раҳбарларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.