Президентимиз Мурожаатномаси халқ таълими соҳасининг янада ривожлантирилишини, ёшларимиз орзу-умидларининг изчил рўёбга чиқарилишини англатди
Президентимизнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини тинглаб, 2021 йилда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришда муҳим қадамлар ташланишига амин бўлдик.
Юртбошимиз келгусида бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишда аввало, барча соҳалар тараққиётининг асоси бўлган таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган шиор остида амалга ошириладиган ислоҳотлар асосини ташкил этишини билдирди.
Вилоятимизда 1 та янги (1680 ўринли) мактаб қурилди. Бундан ташқари, 51 та умумтаълим мактабларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу бунёдкорлик ишларига инвестиция дастури асосида 128,2 миллиард сўм, шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65,0 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2021 йилда вилоятимизда 36 та мактабда (2 та янги қурилиш, 19 таси реконструкция ва 18 таси мукаммал таъмирланиши) қурилиш-реконструкция ишлари режалаштирилган. Ушбу бунёдкорлик ишларига 174 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.
Бугунги кунда мактабларимизда 28909 нафар синф раҳбарлари фаолият олиб бормоқда. Албатта, ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни доимий назорат қилиш ҳамда ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш замирида синф раҳбарининг машаққатли меҳнати ётади. Президентимиз уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериб, синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилишини қайд этди. Моддий рағбат, ўз навбатида, синф раҳбарлари масъулиятини янада оширади.
Вилоятда аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари йил сайин ортиб бормоқда. Юртбошимиз Мурожаатномада “Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунёдаги деярли барча кашфиёт ва технологияларни яратишда физика фани фундаментал асос бўлганини кўрамиз.
Дарҳақиқат, Президентимиз илгари сураётган ғоя ва ташаббуслар асосида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги физика ва математика фанларига ихтисослашган мактаб-интернат фаолияти йўлга қўйилмоқда. Ушбу мактаб-интернатда ўқувчиларнинг мазкур фанлардан чуқур билим олиши билан бирга, назарий билимларини амалий жиҳатдан пухта эгаллашлари учун кенг имконият яратилади. 2021 йил бошидан мактабнинг 120 нафар 7- ва 8-синф ўқувчилари танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, мактаб фаолиятини бошлайди.
2020 йилда Каттақўрғон шаҳри ҳамда Самарқанд, Тойлоқ, Булунғур туманларида 4 та математика фанига ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. 2021 ва 2023 йилларда яна 12 та шундай мактаблар ташкил этилади. Бундан ташқари, 2021 йилда кимё ва биология фанларига ихтисослашган 8 та мактаб иш бошлайди.
Мактабларимизда ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш ва ушбу тизимни ривожлантириш бўйича ҳам олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2020 йилда Самарқанд шаҳрида битта: 9-умумтаълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Муассаса 340 миллион сўм эвазига замонавий АКТ ускуналари, ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Яқин кунларда ушбу мактабнинг очилиши кўзда тутилган. 2021 йилда Жомбой, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида ҳам информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ташкил қилиниб, соҳанинг энг етук мутахассислари жалб қилинади. Бу борада 2023 йилга қадар аниқ манзилли дастурлар яратилган.
Бугунги кунда вилоятдаги 435 та мактаблар интернет тармоғига уланган. Янги йилда мазкур йўналишдаги ишлар ҳам давом эттирилади.
Туман ва шаҳарларимизда 1580 нафар жисмоний имконияти чекланганлиги туфайли уйида якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларимиз бор. Айни пайтга қадар бир қатор давлат идоралари билан ҳамкорликда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича хайрли ишлар олиб борилган.
2021 йилда уйида якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларимиз тўлиқ қайта назоратга олиниб, уларнинг таълим олиши, бунинг учун яратилган шароитлар ўрганилиб, бириктирилган педагог-ходимларнинг масъулиятини янада оширилади. Мазкур йўналишдаги ишларимиз Паст Дарғом ва Булунғур туманларида бошланди.
2021 йилда мактабларни 50776 нафар ўқувчи битириши кутилмоқда. Уларнинг 20 фоизи олий таълим муассасаларига қамраб олинишини мақсад қилганмиз. Албатта, ушбу йўналишда аниқ мақсад ва чора-тадбирлар асосида ишларни амалга оширяпмиз.
Маълумки, вилоятнинг Ургут, Нуробод, Паст Дарғом туманларидаги умумий ўрта таълим мактабларида бир қатор мутахассисликлар бўйича фан ўқитувчиларининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларимиз бор. Эҳтиёж туфайли бошқа туманлардан, ҳатто вилоятлардан келиб ўқувчиларга дарс бераётган ўқитувчиларимиз ҳам бор. Президентимиз ушбу масаланинг ечимига ҳам тўхталиб, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланишини таъкидлади.
Ушбу жиҳатлардан давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси нафақат муаммоларимизга ечим, балки халқ таълими соҳасини янада ривожлантиришнинг дастуриламали бўлди.
Олдимизга қўйган мақсадларимиз аниқ. Уларни амалга оширишда ҳар бир халқ таълими ходими, педагогларимиздан ҳалол ва касбимизга садоқат билан меҳнат қилиш талаб этилади. Бунинг учун эскича ёндашув ва қарашлардан, анъанавий усуллардан воз кечиб, илдам ҳаракат қиламиз.
Зебинисо ШОДИЕВА,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.