Инсонни таълим-тарбия шакллантиради, эътибор эса юксалтиради
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётида катта воқеа ва муҳим ҳаётий жараён бўлди.
Мурожаатномада таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли сони йилдан йилга ошмоқда, аммо еримиз, сувимиз, ресурсларимиз кўпайиб бораётгани йўқ. Жорий йилдан қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларига инвестициялар киритилиши, агрономия ва чорвачилик тизимлари кластерларга бирлаштирилиши ва топширилиши соҳа ривожи учун муҳим ислоҳотлар сифатида эътироф этилди. Экологик вазият тобора мураккаблашиб бораётган, ер, сув ва тупроқ ресурслари алоҳида эътиборга муҳтож бўлган бугунги вазиятда замонавий, инновацион усуллар ва технологияларнинг амалиётга жорий этилиши ва бунинг учун катта маблағ йўналтирилиши мавжуд муаммоларга яхшигина ечим бўлиши мумкин. Биз бугун қўрқмасдан тан олишимиз керак. Ота-боболаримиз азалдан уста деҳқон бўлишган, тупроқдан зар ундириб, чорва туёғи ортидан кун кечирган. Биз эса қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида бугун дунёнинг ер-сув захираси кам, тупроғи унумдор бўлмаган давлатлардан ҳам ортда қолиб кетдик. Узоқ йиллар давомидаги хўжасизлик, эгасизлик бизни ана шундай мураккаб вазиятга келтириб қўйди. Керакли маблағ билан таъминланиб, тизим кластер асосида бошқариладиган бўлса, вазият ижобий томонга ўзгаради. Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг драйвер соҳалари эканини унутмаслигимиз лозим.
2023 йилнинг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилиниши таълим тизими ходимлари учун қувонч ва фахр, қолаверса катта масъулият ҳамдир.
Ёш авлодга замонавий илм-фан сирларини ўргатиб, касб ҳунарга йўналтириш ёки етук рақобатбардош мутахассис сифатида тарбиялаш биз, устозларнинг энг асосий вазифамиз бўлса, уларни юксак маънавиятли, умумбашарий қадриятлар ва миллий анъаналаримизга содиқ, комил инсон бўлиб етишишлари бутун жамият учун жуда аҳамиятлидир. Бунинг учун шунчаки таълим бериш эмас, соҳани чуқур эгаллаш, етук мутахассис кадр бўлиб етишиш, бир сўз билан айтганда, сифатли таълим зарур.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ягона ва тўғри йўлидир.
Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурига кўра, мамлакатимизда янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 100 тадан ошган, ҳудудлардаги филиаллар, хорижий университетлар филиаллари ҳисобига олий таълимга қамров сони ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Бундан ягона бир мақсад кўзланган. Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт. Университетлар ҳақиқатан ҳам талаб қилинадиган билимларни бериши, етук мутахассисларни тарбиялаши, рақобатбардош кадрларни тайёрлаши керак. Бунинг учун дунёнинг илғор тажрибаларини ўрганиб, ўзимизда жорий этамиз.
Таълим албатта, узлуксиз ташкил этилади. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим соҳалари бир – бирига боғлиқ ҳолда ривожлантирилади. Президентимиз томонидан мактаб таълими ва ўқитувчининг обрўси борасида ҳам ҳаққоний фикрлар билдирилди. Хоразм ва Қорақалпоғистонда амалий тажрибадан ўтказилган усул – бошланғич синфларга бепул тушлик ташкил этилишини тарихда бўлмаган иш, деб ҳисоблаш мумкин.
Бунинг учун давлат бюджетидан 2,3 триллион сўм, имтиёзли таълим кредитлари учун 1,7 триллион сўм ажратилиши эълон қилинди.
Фарзандларимизнинг саломатлиги учун давлат хазинасидан катта маблағ ажратилмоқда. Бу амалиёт ҳам бутун дунё миқёсида ҳар доим яхши натижа берган – қорни тўқ бола уйига кўпам шошилмайди, кутубхонага боришга ёки қўшимча машғулотларга қатнашишга ўзида рағбат сезади, дарслардан кейин спорт билан ҳам шуғулланишлари мумкин. Бу машғулотлар дарслардан сўнг болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилишини тушуниш учун мутахассис бўлиш шарт эмас.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мурожаатномада белгиланган вазифалар албатта, фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Президентимиз бу йўлда нияти улуғ, меҳнаткаш халқимизга таянишини алоҳида таъкидлади. Бу йўлда барчамиз, олимлар, зиёлилар, ўқитувчилар, деҳқон ва чорвадорлар қаттиқ меҳнат қиламиз. Меҳнат эса, албатта ўз самарасини беради.
Худойназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори.
Биология фанлари доктори, профессор.