“Фуқаробай”, “хонадонбай”, “маҳаллабай” ишлаш тизими янада такомиллашади
Мамлакатимизда йилни номлаш анъанага айланган бўлиб, инсон ва маҳалла номлари билан боғлиқ йиллар қиёсланганда 1997 йил “Инсон манфаатлари йили”, 2003 йил “Обод маҳалла йили”, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, 2023 йил эса “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида инсонга эътибор ва сифатли таълимни амалга ошириладиган мақсадлар баён этилди.
Жумладан, мазкур мурожаатномада “Тараққиёт стратегияси”даги еттита йўналишлар бўйича амалга оширилган ишларнинг таҳлили ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Режалаштирилган мақсадларга инсонга эътибор ва таълим сифатини яхшилаш билан эришиши мумкинлиги ва бу борада маҳалланинг роли муҳимлиги таъкидланди.
Президентимиз томонидан “фуқаробай”, “хонадонбай”, “маҳаллабай” ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича масъул раҳбарларга вазифалар белгилаб берилиб, бу борада маҳалланинг мавқеини ошириш мақсадида “Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир” деб эътироф этилди.
Бу борада “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да биргина Самарқанд вилояти маҳаллаларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 1 126 та маҳалланинг барчаси интернет тармоғига уланди.Йил дастурига мувофиқ 200 тага яқин янги маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди. Маҳалла ўқув маркази ўз фаолиятини янги замонавий 2 қаватли бинода бошлади.
- 20 та бино “Ташаббусли бюджет” очиқ портали доирасида 2-мавсумда ғолиб деб топилиб лойиҳа смета ишлари якунланди, пудратчи ташкилотни аниқлаш учун эълон берилди;
- 473 та маҳалла биноларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди;
- 234 та маҳалла компьютер техникаси ва 159 та маҳалла мебель жиҳозлари билан таъминланди.
Бундан ташқари, режа-жадвалга мувофиқ вилоят маҳалла ва нуронийлар бошқармаси биноси ва 150 та маҳалла биноларига умумий қуввати 55,5 кВт кичик қуёш фотоэлектрстанциялар ўрнатилди.
Мурожаатномада катта ҳаётий тажрибага эга, турмуш синовларида тобланган, кўпни кўрган ёши улуғ инсонларнинг пурмаъно ўгитлари, панду-насиҳатлари ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга эканлиги, нуронийларни жамият ҳаётига фаол жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларимиз тарбиясида кекса авлод вакилларининг тажрибасидан кенг фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни вужудга келтириш борасидаги ролини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Халқаро тажриба асосида маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши, бунинг учун 1 январдан бошлаб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши ҳамда шу маблағлар ҳисобидан маҳалланинг муаммоларини бартараф этиш чоралари белгилаб берилди.
Биз учун Мурожаатнома келгуси йилги фаолиятимизнинг асосий дастуриламали бўлди. Президентимиз белгилаб берган йўналишлар асосида фаолиятимизни самарали йўлга қўямиз.
Исроил Жабборов,
Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи.