Самарқанднинг бошқаруви такомиллашади
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизни 2023 йилда ҳар томонлама ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва энг муҳими, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Келгуси йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълимга эътибор йили” деб номланди.
Албатта, Президентимизнинг ҳар бир йўналиш бўйича илгари сурган ташаббус ва таклифлари бугунги шиддаткор давр ва жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан келиб чиққани билан аҳамиятли бўлди. Яна бир эътиборли томони, бу ташаббуслар айни пайтда такомиллаштирилаётган Конституцияда ҳам акс этиши зарурлиги қайд этилди.
Мурожаатномада Самарқанд шаҳрига алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республикага бўйсунадиган ҳудуд мақоми берилиши қайд этилди.
Аслида, давлатимиз раҳбари кейинги йилларда вилоятимизга ҳар бир ташрифи чоғида, шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ва Самарқанднинг бош режасини ишлаб чиқиш жараёнларида бу ғояни илгари сурмоқда. Самарқандни бир миллионли шаҳарга айлантириш ва бу ерда бешта туман ташкил этиш бўйича ҳаракатлар аллақачон бошланган. Шаҳар ҳудуди атрофдаги туманлар ҳисобига кенгайиб, аҳоли сони ҳам бир миллионга яқинлашмоқда.
Самарқандга алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик мақоми берилиши, аввало, унинг дунёдаги йирик туристик марказлардан бири сифатидаги нуфузи ва шуҳратини оширишга ёрдам беради. Сабаби, кейинги йилларда Самарқанд йирик халқаро форум ва тадбирлар ўтказиладиган шаҳарга айланиб бормоқда. Деярли ҳар ҳафта нуфузли анжуманларга мезбонлик қиляпти. Биргина якунига етаётган йилда давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги ўнга яқин халқаро форум ўтказилди. Келгуси йилда йигирмадан ортиқ шу каби нуфузли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, шаҳарда туманларнинг ташкил этилиши йил сайин кенгаяётган ҳудудни самарали бошқариш, кўпайиб бораётган шаҳар аҳолиси ва сайёҳларга муносиб шароит яратишга имконият яратади. Маълумотларга кўра, 2022 йилда Самарқандга 4,2 миллион маҳаллий, 1,2 миллиондан ортиқ хорижий турист келган. Кунига шаҳарга 11-12 минг нафар сайёҳ келади. Бу шаҳар иқтисодиёти учун жуда катта даромад дегани. Лекин, бунинг учун уларга сифатли ва халқаро талабларга мос хизмат кўрсатиш керак. Бунда бугунги кун талабларига жавоб берадиган бошқарув, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жуда муҳим.
Шаҳар республика бўйсинувига ўтказилса, Самарқанд вилояти ҳокимлиги зиммасидаги мажбурият ва вазифалар ҳам анча енгиллашади. Сир эмас, ҳозир шаҳарни бошқариш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш ва яна бошқа кўп масалаларда вилоят ҳокимлиги зиммасига катта масъулият мавжуд. Шаҳар алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик бўлса, вилоятнинг бу имконият ва салоҳияти бошқа туман ва шаҳарларни ривожлантиришга йўналтирилади. Пировардида бу вилоят аҳолисининг турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.
Ўктам Саидмуродов,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.