Нурободда таълим сифати нега паст? Мактаблар эътибордан четда қолгани учунми ёки педагогларнинг етишмаётганиданми?

Бугун туманлар миқёсида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи таҳлил қилинмоқда. Мактаблардаги шарт-шароитлар ўрганилиб, таълим сифатини ошириш чоралари кўриляпти. Таълим сифати паст бўлган туманлардан бири Нуробод туманидир. Тумандаги мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 2018-2019 ўқув йилида 3,4 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган ўқув йилида ушбу кўрсаткич 10,6 фоизга етди. Аммо бу рақам ҳам қувонарли эмас.

Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов туманда бўлиб, мактабларнинг таълим сифатини ўрганди, педагоглар билан учрашиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Туман мактабларида таълим сифати нега пастлиги ва куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш мақсадида биз ҳам айрим мактаблар фаолияти билан танишдик. Келинг, аввал дашт ҳудудда жойлашган мактаблардаги шарт-шароит ҳақида тўхталсак.

Туман марказида жойлашган 1-умумий ўрта таълим мактаби 536 ўринга мўлжалланган. Бола сони кўплиги боис бугун ушбу мактабда 1356 нафар ўқувчи ўқийди. Мактабда 101 нафар ўқитувчидан 16 нафари ўрта махсус маълумотли.

- Ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар пенсия ёшига 2-3 йил қолгани сабабли ишлаяпти, - дейди мактаб директори Элбек Ҳамроев. – Бизда педагоглар етарли. Мактабимиз битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича туманда юқори ўринларда туради. Бу йил мактабни 67 нафар ўқувчи битириб, улардан 12 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди.

Ушбу мактаб тумандаги намунали мактаблардан бири бўлишига қарамай, унда физика фани учун лаборатория хонаси йўқ. Кимё, биология фанлари учун лаборатория хонаси бор, аммо берилган кимёвий моддалар етарли эмас.

- 2008 йилдан буён лаборатория машғулотлари учун кимёвий моддалар берилмаётган эди, фақат ўтган йили берилди, - дейди биология фани ўқитувчиси Инобат Йўлдошева. – Бироқ лаборатория учун органик моддалар кам ажратилган.

Мактаб марказлашган иситиш тизимига уланган бўлиб, қишда синфхоналар яхши иситилади.

 

Мактабга лаборатория учун кимёвий моддалар берилмаган

Қиличлар маҳалласида жойлашган 34-умумий ўрта таълим мактаби 280 ўринга мўлжалланган бўлса-да, 499 нафар ўқувчи ўқимоқда. Бу йил 28 нафар битирувчидан 8 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Мактабда атиги 11 та синфхона мавжуд бўлиб, ўқитувчилар хонаси, тўгарак хоналари, психолог хонаси йўқ. Лаборатория хоналари мавжуд эмас, фақат кимёвий моддалар сақлаш учун иккита кичик хона бўлиб, унда махсус приборлар, асбоб-ускуналар бор, холос.

- Бу йил лаборатория учун кимёвий моддалар берилмади, - дейди мактаб директори Нафиса Норбобоева. – Лаборатория хоналаримиз бўлмаса ҳам, оддий лаборатория ишларини партада бажарамиз.

Мактаб директори охирги марта мактабга лаборатория ишлари учун қачон кимёвий моддалар берилганини эслай олмади.

Бундан ташқари, информатика хонасидаги 15 та эски “Пентиум-1” русумли компьютердан 7 таси ишламайди. Ишлайдиганлари ҳам интернет тармоғига уланмаган.

Куз-қиш мавсуми учун мактабга 22 тонна кўмир берилган, мактаб маъмурияти яна 7 тонна кўмир сўраб мурожаат қилган.

Мактабга сув ташиб келтирилган сув бир ойга яқин ҳовузда сақланади

Мусоқоқ қишлоғида жойлашган 33-умумий ўрта таълим мактаби 360 ўринли бўлиб, унда 399 нафар ўқувчи таълим оляпти. Бу йил 35 нафар битирувчидан атиги 2 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Ўтган йили бирорта ўқувчи олий таълим даргоҳига ўқишга киролмаган.

- Бизда мутахассис ўқитувчилар етишмайди, шунинг учун таълим сифати паст, - деди мактаб директори Зироат Садинова. – Масалан, ўтган йили она тили, математика ўқитувчилари етишмасди. Рус тили ўқитувчиси марказдан қатнайди, пенсияга чиққан бўлса-да, мутахассис йўқлиги учун яна мактабга қайтардик.

Мактабда физика, кимё, биология фанлари учун лаборатория хоналари мавжуд эмас. Мактаб атрофи ободонлаштирилмаган, очиқ спорт майдонининг тақирлигини кўриб, бу ерда болалар қандай тўп тепишини ўйлаб қолдик. Янаям ачинарлиси, мактабга бочкада сув ташилади. Мактаб ҳовлисида махсус ҳовуз бўлиб, келтирилган сув бир ойга яқин сақланади.

Мактабга 21 тонна кўмир берилган, мактаб маъмурияти томонидан яна 10 тонна кўмир сўралган.

 

Ўқувчилар Алишер Навоий кимлигини билмайди

Яна бир гап. 9-синф ўқувчиларидан Алишер Навоийнинг ғазалларидан ёд айтишни сўрадик. Афсуски, бирор ўқувчи ғазал айтиб беролмади. “Алишер Навоий ким бўлган?” деган саволимизга синф сардори “Шоҳ ва шоир бўлган” деб жавоб берди. “Алишер Навоий кўпроқ қайси тилда ижод қилган?” деган саволимизга “форс-тожик тилида ижод қилган” деган жавоб олдик.

Худди шундай ҳолат Ургут тумани мактабларида ҳам кузатилганди. Бир синф ўқувчидан бирортаси буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг ғазалларини ёддан айтиб беролмаганди. Хўш, нега? Мактабларда навоийхонлик кечалари, мушоиралар ўтказилмайдими? Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилмайдими? 

 

22 нафар ўқитувчидан 12 нафари олий маълумотли...

Тошқудуқ қишлоғида жойлашган 32-умумий ўрта таълим мактаби икки бинодан иборат бўлиб, янги биноси 2016 йилда 160 ўринга мўлжаллаб қурилган. Аммо мактабда 300 нафар ўқувчи ўқийди. Шунинг учун эски бинодан ҳам фойдаланилар экан. Эски бино 1989 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Унинг ичидаги барча стол-стул, эшик-деразалар эскириб кетган. Бинонинг кириш йўлаги пол қилинмаган, цемент ётқизилган, холос.

Бу йил мактабни 27 нафар ўқувчи битирган бўлиб, улардан 1 нафари олий таълим даргоҳига ўқишга кирган.

- Мактабимизда кимё, физика, немис тили, рус тили ўқитувчиси йўқ, - дейди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Санжар Суюнов. – Бизда меҳнат қиладиган 22 нафар ўқитувчидан 12 нафари олий маълумотли бўлса, 10 нафари ўрта махсус маълумотга эга.

Туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган ушбу мактабда спорт зали, тўгарак хоналари йўқ. Лаборатория хонаси бор, аммо жиҳозлари берилмаган. Шунинг учун ундан кутубхона сифатида фойдаланиляпти. Ушбу мактабга ҳам сув ташиб келтирилади ва 20-30 кунгача ҳовузда сақланади.

Мактабга 10 тонна кўмир берилган, яна 10 тонна кўмир керак. Эътиборли жиҳати, мактабнинг эски биносига ўтган йили туман ҳокимлиги томонидан янги иситиш тизими қуриб берилган. Бино талабга жавоб бермаса-да, синф­хоналар исийди.

Туман мактабларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсуми учун 483 тонна кўмир, 494,9 тонна брикет олиш режалаштирилган. Туман халқ таълими бўлимининг маълумотига кўра, режадаги ёқилғи барча мактабларга тўлиқ тарқатилган. Бироқ биз бўлган мактаб­ларда олинган кўмир қиш мавсумига етмаслигини ва қўшимча ёқилғи сўраб мурожаат этганликларини айтишди. Савол туғилади, мактабларга кўмир тарқатилмасдан олдин, қанча кўмирга эҳтиёжи борлиги ҳисобга олинмайдими? Аслида ёқилғи эҳтиёжидан келиб чиқиб, режа қилиниши керак эмасми? Шунингдек, берилган кўмирнинг сифати ёмон, тўғрироғи, тупроқ аралаштирилганлиги кўриниб турибди. 

 

Сув учун “завхоз” пул тўлайдими?

Эшитишимизча, мактабларга ташиб келтириладиган сув учун мактабнинг хўжалик ишлари мудири пул тўлар экан. Исми сир қолишини истаган “завхоз” бир бочка сув учун 40 минг сўм тўлашини ва у бир ойга етмаслигини айтди.

 

Кимё, информатика, рус ва инглиз тили ўқитувчилари етишмайди

Туманда 76 та мактаб бўлиб, энг олис мактаб туман марказидан 150 километр узоқликда жойлашган. Мактабларда 2498 нафар ўқитувчи ўқувчиларга таълим-тарбия беради. Уларнинг 1236 нафари олий маълумотли бўлса, 276 нафари тугалланмаган олий маълумотли ва 496 нафари ўрта махсус маълумотга эга педагоглардир.

- Бизда таълим сифатининг пастлигига сабаб мутахассислар етарли эмаслигида, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Латиф Элмуродов. – Масалан, мактабларимизда кимё, информатика, рус ва инглиз тили, мусиқа фанларидан 103 нафар ўқитувчи етишмайди.

Шунингдек, тумандаги 76 мактабдан атиги 12 таси оптик толали интернет тармоғига уланган.

Баҳона эмас, имкон топиш керак

Ўрганишларимиздан шу нарса маълум бўлдики, мактабларда бошқа ҳудуддан қатнаб ишлашга шароит йўқ. Масалан, ўтган сафар Ургут тумани мактабларига Тойлоқ туманидан ўқитувчилар қатнаб ишлаши ҳақида ёзгандик. Нуробод туманида эса бошқа қишлоқдан қатнашга ҳам шароит йўқ. Туманда ички йўналишларда қатновчи уловлар жуда кам, борлари ҳам қиммат, оладиган маошга таксида қатнаб ишлаб бўлмайди. Айрим қишлоқлардан эрталаб туман марказига ёки Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарларига қатновчи автобуслар қўйилган. Ушбу автобуслар куннинг иккинчи ярмида шаҳардан ёки марказдан қишлоққа қайтади, бироқ эрталаб марказдан қишлоққача автобуслар қатнамайди. Шунинг учун ҳам икки қишлоқ наридаги ўқитувчи ҳам қатнаб ишлай олмайди. Хўш, унда нима қилиш керак?

Бошқа ҳудуддан қатнашнинг имкони бўлмаса, айнан ўша маҳалла ёшларидан олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш чораларини кўриш керак. Бунинг учун ҳозир ОТМда мақсадли қабул жорий этилган. Бу имкониятдан фойдаланиш, ўқувчиларни касбга қизиқтириш лозим. Нима бўлганда ҳам халқ таълими тизими раҳбарлари муаммонинг ечимига баҳона эмас, имкон топиши керак. 

Яна бир гап. Туман марказидаги мактаб ўқитувчиларига 75 фоиз устама тўланар экан. Ваҳоланки, уран қазиб олинадиган бошқа ҳудудлардаги мактаб ўқитувчилари бундай имтиёздан маҳрум эмиш. Айрим мактаб ўқитувчилари мана шу муаммога ҳам ечим топилмаётганидан арз қилди.

Шунингдек, мактабларнинг атрофи ободонлаштирилмаган, гуллар, дарахтлар экилмаган. Фақат туман марказидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ҳовлиси кўкаламзорлаштирилган. 32-, 33-мактабларнинг атрофи тақир ердан иборат, номига икки-учта дарахт экилган. Бунинг сабаби сув йўқлигидан бўлса, нега ҳовлида номига экилган дарахтлар кўкариб турибди? Бизга сув эмас, ҳафсала йўқдек туюлди. 

Тумандаги катта-катта майдонларнинг бўш ётиши, йўл четида бирор дўкон, дорихона, қишлоқ врачлик пункти каби аҳолига хизмат қиладиган шохобчаларнинг йўқлиги маҳаллий аҳолининг қийин шароитда кун кечиришини билдириб турибди. Жойларда лоақал қишлоқ номлари ёзиб қўйилмаган.

Чорвачиликка ихтисослашган туманда аҳоли чорвачилик ортидан зўр даромад қилганида, аҳвол бундай ачинарли бўлмасди. Шароитдан келиб чиққан ҳолда туманда ёшларни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатадиган бизнес мактаблар, лалми ерлардан унумли фойда олишни ўргатадиган аграр соҳага оид ўқув даргоҳлари очилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото),

“Зарафшон” мухбирлари.