«Яшил энергия»дан ким, қандай фойдаланяпти?

Қайта тикланувчи энергия манбаларига бўлган талабимиз кундан кунга ортиб боряпти. Айниқса, қуёш батареялари чироқ тез-тез ўчиб турганида одатдагидек ҳаёт кечириш имконини беряпти. Бироқ ҳамма жойда ҳам «яшил энергия»дан фойдаланиляпти, деб бўлмайди.

Хўш, Самарқанд туманида «Яшил энергия» манбаларини ўрнатиш борасида нима ишлар қилинмоқда? «Қуёшли хонадон» дастури бўйича аҳоли хонадонларига қуввати 50 кВт.гача бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалари нега бажарилмай қолди?

- Ўтган йили Президентимизнинг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, қуёш панелини ўрнатганларга субсидия ва солиқ имтиёзлари берилиши, тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар кўпчиликни қизиқтириб қўйди, - дейди туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Жавоҳир Хўжаев. – Чунки юқори қувватда ишловчи қуёш панеллари билан артезиан қудуқларидан сув тортиш имкони бор. Бироқ ўтган йили туманимиз тадбиркорлари томонидан 2,3 МВт ўрнига 1,18 МВт қувватли 81 та панель ўрнатилиб, бу борадаги режаларнинг ярми амалга оширилмади.

Туман ҳокимлиги режасига асосан, ҳозиргача 312 та аҳоли хонадонига муқобил электр манбаи ўрнатилган. Ўтган уч ой ичида Деҳнав, Гулобод, Оҳалик, Паррандачилик, Чумчуқли, Ўзбеккенти, Андижони маҳаллаларида 74 нафар фуқаро ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатди.

Гулобод маҳалласида 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳокимлик режасига кўра, ўтган йили 30 та хонадонга қуёш панели ўрнатилиши керак эди. Бироқ амалда бу иш 21 фоизга бажарилди.

- Маҳалламиздаги аҳоли хонадонларига муқобил энергия манбалари ўрнатиш бўйича тарғибот олиб боряпмиз, - дейди Гулобод маҳалласи раиси Саодат Ғаниева. – Хонадон эгаларига муқобил электр манбаларининг афзаллиги, камхаражатлиги ва бошқа қулайликлари ҳақида тушунтиряпмиз. Имкони бўлганлар ўрнатиб оляпти, айримларига ҳомий жалб қиляпмиз. Ўндан зиёд тадбиркор ўз корхоналарига энергия тежовчи ускуналар ўрнатди. Ўтган йили 5 та хонадонда 4,5 кВт.ли қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, бу йил уларнинг сони 20 дан ошди.  Ўзим ҳам уйимга ўрнатганман.

Маҳалла яқинида муқобил энергия манбалари билан савдо қиладиган қатор дўконлар фаолият юритади. Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб электр энергияси истеъмоли нархлари ошиши ҳақидаги хабарлар тарқалиши билан уларга бўлган талаб ҳам ошиб кетган. Ҳозирнинг ўзидаёқ 50 дан зиёд фуқаро энергия тежовчи ускуналарга буюртма берган.

«Толли бобо» қурилиш корхонаси томонидан маҳалла ҳудудида 2 та 9 қаватли уй-жой қурилмоқда. Бу уйлар ҳам ўз эгаларига топширилишидан олдин қуёш панеллари ва коллекторлари ўрнатилади. 

Бироқ тумандаги Янгиобод, Пулимуғоб, Саховат маҳаллаларида ҳали бу ишга қўл урилмаган бўлса, Чаман, Талибарзуи боло, Хишрав, Бухорий, Дўстлик маҳаллаларида 10 фоизга ҳам етгани йўқ. Бу кўрсаткич туман бўйича 32 фоизни ташкил этмоқда.          

 - Аҳоли ўртасида «яшил энергия» технологиялари асосида бино ва иншоотларни электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлашга бўлган қизиқиши ошиб бормоқда, - дейди Ж.Хўжаев. - Бундай қурилмалар юртимизда ҳам корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Қуёш батареяларини сотиб олаётганда, фуқаролар хонадон ёки уйнинг ҳажмини, яъни хоналар сони, ошхона, балкон, йўлакларни ҳам ҳисобга олган ҳолда уларнинг қуввати бўйича танлаши керак.

Мутахассисларнинг фикрича, энг арзон қуёш панеллари 150 Вт қувватга эга бўлиб, улардан 5-6 хонани ёритиш ва битта телевизор ишлаши учун фойдаланиш мумкин. Агар иккита телевизор, битта музлаткич ва кўпроқ хоналарни электр энергияси билан таъминлаш зарур бўлса, камида 2 кВт қувватга эга қуёш панели керак бўлади. Агар кондиционердан фойдаланилса, 3 кВт қувватга эга панель олиш зарур.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.