Яшил иқтисодиёт - барқарор ривожланиш асоси

Ёқилғи манбаларига қарамлик мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини заифлаштиради. Муаммонинг ечими сифатида эса яшил иқтисодиётга ўтиш, бунда қайта тикланувчи энергия манбаларига (қуёш, шамол, геотермал) сармояни ошириш ва технологияларни импорт қилишни рағбатлантиришни йўлга қўйиш лозим.
Яшил иқтисодиёт – инсоннинг ресурсларга нисбатан масъулиятли муносабатини назарда тутувчи иқтисодий ривожланиш модели. У иқтисодий ўсиш ва табиий бойликларни сақлаб қолиш ўртасидаги оқилона муросани топишга қаратилган.
Бугун ер ости ва ер усти бойликлари аёвсиз сарфланадиган бўлса, яқин келажакда катта муаммолар юзага келиши турган гап. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон минтақадаги иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашиш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим қадамларни ташламоқда. Самарқанд иқлим форуми эса Ўзбекистонга бир қатор афзалликлар тақдим этди. Хусусан, форум Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро экологик масалаларда етакчи давлат эканини кўрсатди. Бу эса бутун дунё давлатлари, экологик ташкилотлар, шунингдек, ташқи инвесторларнинг мамлакатга бўлган ишончини оширади.
Бугунги кунда иқлим ўзгаришининг глобал миқёсдаги салбий таъсири барқарор ривожланишга жиддий тўсиқ бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада халқаро ҳамжамият яшил иқтисодиёт концепциясига тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Яшил иқтисодиёт атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда иқтисодий ўсишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда келажак авлодлар манфаатини инобатга олган ҳолда барқарор тараққиётга эришиш тамойилларига асосланади.
Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатлар иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўрмоқда. Яйловлар қуриб бораётгани, сув ресурсларининг тобора камайиб, танқис бўлаётгани ва чанг бўронлари бу муаммоларнинг аниқ мисоллари ҳисобланади. Жумладан, энергия соҳасидаги қазиб олинадиган ёқилғига қарамлик муаммоси ҳам долзарблиги билан иқлим муаммоларини келтириб чиқармоқда. Ўзбекистоннинг энергия сектори ҳали ҳам кўп жиҳатдан табиий газ ва нефтга таянади. Бу эса карбонад ангидрид ажралишига, иқлим ўзгаришининг янада кучайишига олиб келмоқда.
Ёқилғи манбаларига қарамлик мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини заифлаштиради. Муаммонинг ечими сифатида эса яшил иқтисодиётга ўтишнинг биринчи босқичи сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларига (қуёш, шамол, геотермал) сармояни ошириш ва технологияларни импорт қилишни рағбатлантиришни йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш учун “Яшил маҳалла” лойиҳалари орқали уйлар ва кичик бизнес объектларини қуёш панельлари билан таъминлаш лозим.
Сув танқислиги ва қишлоқ хўжалигида исрофгарчилик ҳам муҳим муаммолардан ҳисобланади. Иқлим ўзгариши туфайли Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларида сув ресурслари камаймоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги усуллари ҳали ҳам анъанавий бўлиб, бу ер ости сувларини ҳаддан ташқари ишлатиш ва экинларни ортиқча суғориш билан боғлиқ. Муаммонинг олдини олиш учун эса сувни тежашнинг инновацион технологияларини қўллаш, айниқса, томчилатиб суғориш тизимини кенгайтириш зарур. Бунинг учун ҳукумат қишлоқ хўжалигига субсидияларни кўпайтириб, экологик агробизнесни ривожлантириши керак.
Экологик саводхонликнинг пастлиги ҳам кишиларда атроф-муҳитни асрашга бефарқлик ва чиқиндиларни қайта ишлашга қизиқишнинг камлигига олиб келмоқда. Бундай долзарб муаммога ечим сифатида ёшларни экологик таълимга жалб қилиш ва уларни ҳудудлар бўйлаб экологик лойиҳаларда фаол иштирок этишга рағбатлантириш лозим. Шунингдек, мактаб ва олий таълим муассасаларида “Яшил дарслар” тизими ва экотадбирлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Саноат корхоналари чиқиндиларни тўғридан-тўғри табиатга ташлашни давом эттирилмоқда. Бу эса нафақат экологик, балки саломатликка ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Таҳдид хавфини камайтириш учун саноат корхоналарида экологик мониторингни кучайтириш, экологик аудит ўтказиш, чиқиндиларни камайтириш ва тўлиқ қайта ишлаш тизимини жорий этиш зарур. Яшил иқтисодиётга ўтиш учун махсус молиявий воситалар ва сармоялар йўқлиги сабабли экологик лойиҳалар молиялаштирилмайди ёки тўлиқ амалга оширилмайди. Бу муаммони бартараф этиш учун яшил молиявий воситаларни жорий қилиш, масалан, “Яшил банк”лар яратиш ва яшил облигациялар бўйича махсус бозорлар ташкил этиш керак. Бу яшил лойиҳаларни молиялаштиришни осонлаштиради ва сармояларни жалб қилади.
Самарқандда ўтказилган халқаро иқлим форумида иқлим исиши кўрсаткичи ҳар йили 2 баробар юқорилаб, сув захиралари камайиб бораётганлиги, абадий музликлар қисқариб кетаётгани, тупроқ заифлашиб, ҳосилдорлик пасайиб бориши каби муаммолар ҳам муҳокама этилди. Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири глобал миқёсдаги экологик ҳалокатнинг яққол намунаси бўлган Орол денгизи инқирози эди. Мутахассислар ва ҳукумат вакиллари зарар кўрган ҳудудларда ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини камайтириш бўйича барча ечимларни кўриб чиқди.
Самарқанд форумининг якуний ҳужжати – “Яшил” ривожланишнинг Минтақавий концепцияси иқлим ўзгариши соҳасида Марказий Осиё давлатларининг ягона минтақавий қарашларини шакллантиришга асос солади. Ушбу консепцияни Бразилияда бўлиб ўтадиган CОП-28 доирасида тасдиқлаш учун тегишли чоралар кўришга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2023 йилда CОП-28да расман ишга туширилган саноат декарбонизатсияси ва глобал даражада жамоавий ҳаракатни кучайтириш бўйича тажриба алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қилувчи, юқори иқлим амбицияларига эга 43 мамлакатнинг ихтиёрий коалицияси ҳисобланган Climate Clubга аъзо бўлди. Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлимга қарши кураш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги англашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум Ўзбекистон ва Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлимга қарши курашиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва уларни бошқариш соҳасида аниқ ҳаракатлар ва тадбирларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга хизмат қилади. Мақсад Ўзбекистоннинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарор, иқлим шароитига чидамли ва эмиссияси кам бўлган ривожланишига ҳисса қўшиш ва турли халқаро конвенциялар, шартномалар шартларини бажаришда қўллаб-қувватлашдир.
Қолаверса, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Қирғизистон Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги ўртасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида ((Green University) кадрлар тайёрлаш учун квота ажратиш тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, Қирғизистон талабаларига 9 тагача квота ўринлари ажратилади (бакалавриат таълим йўналишлари учун 5 тагача, магистратура таълим йўналишлари учун 4 тагача). Меморандумдан мақсад минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш, атроф-муҳитни ўрганиш ва иқлим ўзгариши соҳасида салоҳиятли кадрлар сонини оширишдан иборат.
БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИCЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми тузилди. Унга кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва болалар учун муҳим хизматларнинг инклюзив, барқарор ва экологик хавфларга тайёр бўлишини таъминлаш йўли билан болалар ва ёшларнинг чидамлилигини мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожлантирилади. Шунингдек, долзарб экологик масалаларда болалар иштироки кенгайтирилади ва уларнинг саломатлигини таъминлаш устувор вазифага айлантирилади.
Баҳора Болиева,
Самарқанд давлат университети талабаси.