“Яшил энергия”га ўтишнинг афзаллиги нимада?

Энерготежамкор қурилмалар қанчалик самарадор?

Улардан фойдаланаётган фуқаролар қонунчиликда белгиланган имтиёзларни оляптими?

Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасида "Электр энергиясини иқтисод қилиш ва қайта тикланувчи электр манбаларини жорий қилиш" мавзусида ўтказилган ўқув-семинар машғулотида шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.

Президентнинг 2024 йил 14 июндаги "Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда йирик истеъмолчилар вакиллари, тадбиркор ва фуқаролар иштирок этди. Дастлаб “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Сайфиев, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали раҳбари Ансор Муҳаммадиев ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Умид Назаров вилоятимизнинг истеъмол кўрсаткичлари, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда юзага келаётган ортиқча сарфнинг сабаблари ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида гапирди.

Таъкидланганидек, биргина табиий газ истеъмолида 35 фоиз истеъмолчилар ортиқча сарфга йўл қўймоқда. Бунинг сабаблари ўрганилганда аксарият ҳолда улар қўлбола ёки яроқлилик муддати тугаган газ қурилмаларидан фойдаланаётгани аниқланган. Айни вақтда жойларда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, объектларга энерготежамкор қурилмалар ўрнатилишига эришилмоқда.

Тадбирда Президентнинг Қарори мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, энергия аудитини ўтказмаган ва аудит таклифларига мувофиқ чора-тадбирларни белгиланган муддатда бажармаган йирик истеъмолчиларга нисбатан электр энергияси ва табиий газ тарифи 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентда ҳисобланади. Юридик истеъмолчиларга тасарруфидаги эски электр қурилмаларини янги энерготежамкорига алмаштириш натижасида иқтисод қилинган электр энергияси ҳажмига уч йил давомида амалдаги тарифга нисбатан 15 фоиз чегирма берилади.

Вилоят солиқ бошқамаси масъул ходими Бекзод Солиев қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахс ва тадбиркорлик субъектларига бериладиган солиқ имтиёзлари тўғрисида маълумот берди.

Тадбирда Оқдарё туманидан келган тадбиркорлардан бири 1 миллиард сўмга 72 kWt қувватга эга қуёш панелларини ўрнатганлиги, аммо электр таъминоти корхонаси ундан электр энергиясини белгиланган нархдан анча арзонга сотиб олаётганини айтиб, мурожаат қилди. Мазкур қонун бузилиши ҳолати прокуратура органлари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.

— Биз фуқароларга “яшил энергия”га ўтишнинг афзалликларини реклама қилишимиз учун аввал улар қонун билан белгиланган имтиёз ва қулайликлардан муаммосиз фойдаланишини таъминлашимиз керак, - деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев. – Бу қонун ҳимоячилари, энергетика раҳбарлари олдида турган асосий вазифа бўлиши керак. Бозор иқтисодиёти шундай, барча биринчи навбатда ҳаракатининг фойда ва зарарларини ҳисоблайди. Фуқаро ёки тадбиркорни алдаш ёки норози қилиш билан натижага эришиб бўлмайди.

Тадбирда вилоятимизда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдалашни жадаллаштириш жараёнида кузатилаётган бошқа муаммо ва камчиликлар ҳам тилга олиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди.

Тадбир доирасида қуёш панеллари, гелиоколлектор ва энерготежамкор бошқа қурилмалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда иштирокчилар мутахассислар билан мулоқот қилиб, “яшил энергия”га ўтишнинг афзалликлари, қилинадиган харажат ва унинг қопланиш вақти ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Асқар Баротов.