Яшил тараққиёт учун!

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев самарқандлик сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, эколог олимлар, маҳалла фаоллари, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, ёшлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод А.Ҳамзаев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан сайловчиларни таништирди.

Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси ўз олдига қўйган улкан мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, муддатидан олдин ўтказилиши белгиланган президентлик сайловида “Яшил тараққиёт учун!” шиори остида иштирок этишга қарор қилганини таъкидлади.

Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, юк ташишни йирик машиналардан темир йўлларга ўзгартиришга қаратилган чоралар алоҳида эътироф этилди.

Ижтимоий соҳада давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш каби эътиборга молик ташаббуслар илгари сурилди.

Шунингдек, номзод сайловолди дастурида аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидагиларга эътибор қаратишини айтиб ўтди:

Давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси” ишлаб чиқилади.

Яна бир муҳим масала: экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талаблари ягона соҳавий кодекслар – Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодексида мустаҳкамланади.

Бугун бутун дунё экологик муаммолар гирдобида қолаётганини ҳар биримиз яхши англаб турибмиз. Сайловчилар ҳам президентликка номзоднинг сайловолди дастуридаги ана шу масала бўйича таклифларига эътибор қаратиб, номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб ўтишди.

Учрашув қизғин фикрлар, таклиф, муҳокамаларга бой бўлди.