ЯХШИЯМ СЎЗ БОРДИР ДУНЁДА
Абдулла Шернинг “Ёнаётган йўл” китобини ўқиб
Шоир менга (мен уни даставвал файласуф сифатида эмас шоир сифатида таниганман) инсоний тушунчалардан ташқари туйғуларимни ҳам идрок этишимга кўмаклашарди.
Эсимда, талабалик пайтларим унинг шеъларини дафтарларимга кўчириб ўтирардим. Кимгадир айтолмаган сўзларимни шу шеърлар орқали изҳорга йўллашга чоғланганларим қанча...
Дилимдагилар мужассами бўлган Абдулла Шер шеърияти қаршисида ўзимни гоҳ шунчалар ожиз, гоҳ еттинчи осмонларда кўрганларим қанча...
“Ёнаётган йўл” неча ойдан бери столим устида. Неча ойдан бери неча марта қўлимга олдим.
Мен ишондим, қаттиқ ишондим,
Сўнг қоқилиб бурним қонади.
Қизил қонга беланган жоним,
Гулхан бўлиб энди ёнади.
Вақт чархпалаги бошимни гуввиллаб айлантиради. Дош беролмай кўзларимни юмаман. Сониялар қариган умримни келтириб кўзимга тиқади...
Шоир ёки ёзувчи ҳақида одатда у ҳаётдан кўз юмганидан кейин кўпроқ ёзишга киришилади. Гўё тириклигида бу иш ноўриндек. Эҳтимол, бунга қодир эмасдирман, аммо Абдулла Шер шеъриятини XXI асрнинг чинакам файласуфона драматизми дегим келади. Холбуки, шоирнинг бирорта асари театр саҳнасига чиқмаган. Ёки мен бехабарман.
ХХ асрнинг даҳшатли жаллодларидан бири – Иосиф Сталинга шеъри. Сатрлар бошиданоқ томошабин қуршовга олади. Шеър сўнггига етгунингча чинакам урушнинг оловли йўлларидан юриб ўтасан. Қалбингда ўз-ўзидан сўз айтиш қудратига эга эканинг бўй ростласа, нақадар улуғ миллатга мансублик ифтихори бош-оёқ вужудингдан ташқарига қалқиб чиқади. Ва сен ўз қўлларинг билан ўша маъшумлик эгасини бўғзига ўткир тирноқларингни ботирасан. Кремль деворларига кафтингдаги бир сиқим кулни юрагинг тўла фарёд, нафрат қоришилган ғурур ичида сочиб юборасан. Қулоқларинг тагида жангчининг хитоблари жаранглайди:
... Сен- чи, кимсан? Олис бир кўлка,
Ботқоқларда йўқолган йўлсан!
Мосувосан – етти ёт ўлка
Деворида бир сиқим кулсан!
Ҳа,“Ёнаётган йўл” нинг бир кўчасидаги кўргулик бу!
Шоирнинг шеърияти мен учун гоҳ жанг майдонига айланса, гоҳ ой нурида эгатларга таралаётган сувнинг шилдироғи остида далаларга бошлайди. Гоҳ совуқдан музлаб қолган қўлларимизни дамимиз ҳовурида иситишга уриниб пуф-пуфлатганча қор тегиб музлаган толаларга мукка тушиб эгилтиради...
Тани қизғиш, барглари тажанг
Шилдираган ғўзапоялар
Таратади кулранг бир оҳанг
Қорга ташлаб узун соялар.
Қуёш бошига қип-қизил рўмолини ўраган маҳалда теримдан қайтаётиб синфдошлар кимсасиз қолган чайла атрофида полизнинг у бу ерида унутилиб, думаланиб ётган қовунларни этакларимизга солдиради. Узун-узун поялар оёқларимизга ўралиб йиқиламиз, гув-гув куламиз...
... Сентябрь қуёши силайди илиқ,
Юзимиз, елкамиз, қўлларимизни,
Дунё мунча гўзал, мунча хуш қилиқ,
Тангри узун қилсин йўлларимизни!...
“Ёнаётган йўл”- нинг йўлларидан чиқолмай... севгидан чарчаган юрак бир муддат тинчиб, дунё жимлик ичида қолганини ҳис қила- қила, такрор яна такрор айрилиқнинг асрий ҳасратига чўкаётган жисминг азоб гирдобида нақадар тотли тирилишни удда қилаётганини томоша қиласан...
“Айб ўтади, ахир, ҳаммадан...”
Недир дедим мен ҳам нотайин.
Оний илинж, енгил чамадон,
“Қол!” демадим сенга атайин.
“Ёнаётган йўл”га қўл чўзаман яна. Бу сафар ҳам у мени шовқинга тўла, деворлари оппоқ, атрофини гужумлар ўраган мактабим бағрига етаклайди. Парталар оралаб кимнингдир қўллари гул узатади...
Биз икки синфдош яхши кўрардик
Ҳовлини безаган қийғос олчани.
Бирга дарс қилардик, учар гилам деб
Олча остидаги эски шолчани.
Униққан шолчага бағримиз бериб,
Бадавлат эдик биз - баҳордек хушрўй.
Қисмат олиб кетди бир эпкин бўлиб,
Бизга етолмасдан қолиб кетди тўй...
Қулоғингга қишлоқ бўйлаб сокин оқшом чўкаётган паллада ҳофизнинг ноласи келади. Оппоқ либосли келинчак, ёнида парталар оралаб юриб келиб гул узатаётган қўл кўринади...
Болалик аталган азиз диёрнинг
Бағрида ҳануз бор олис ул қишлоқ;
Мен ҳануз этагин тутиб баҳорнинг
Соғиниб яшайман сени, қизғалдоқ...
Соғиниб ўқиётганларинг ичингдаги соғинчларга қўшилиб, изтироблар лов-лов ёнаётган йўллардан сени қайта-қайта омон олиб ўтаверади.
Гўё миянг ишлашдан тўхтаган, ўзингни бу қадар нотавонлик ичида сезиб, ўпканг хўрликка тўлади. Бирдан ўзинг, фақат ўзинг ҳақингда ўйлай бошлайсан. Дунёга келганинг, ким бўлиб келганинг, сенга сўз айтишдек неъмат ато этилгани, зуволангни қораётган Эгам лойингга шу қудратдан бир чимдим қўшиб юборгани эсингга тушиб кетади.
Салом, Шеърим! Ниҳоят, мана,
Чиқиб келдинг даъфатан боғдан
Ва забт этиб руҳимни яна
Ёниб боқдинг сўнгги япроқдан.
Қиш ҳам ўтди, ёз ўтиб кетди,
Бир сенгина қолдинг, Шеъргинам.
Қайғурма деб: “керакман кимга?”
Умид билан бўйгинангни чўз:
Жарангласин етти иқлимга
Иккимизга умр бўлган Сўз.
Яхшиям шу сўз бор экан... Яхшиям...
Орадан анча фурсат ўтди. “Ёнаётган йўл” даги фикрларим дабдурустдан тўхтаб қолди. Юрагим оғриб юрди, ойлаб оғриди. Абдулла Шерни кўрмаганим бироз кўнглимни алдаб турса ҳам мийиғида кулимсираб турган синовчан нигоҳлари “сендан сўрадимми, эпласанг ёз, эпламасанг тўхтат” деган ишорани қилаётгандай. Улардан ўзимни олиб қочмоқчи бўламан. Кейин, бирдан ундан эмас, ўзимдан қочаётганимни сезаман. Китобга қўл чўзаман, бармоқларимнинг ўзи очади вароғларни...
Туриб бўлмас: сирпанчиқ, тойғоқ
Ўткинчи бахт, шуҳрату шонлар.
Бироқ доим яшайди уйғоқ
Қонимдаги буюк Кушонлар.
Ичимда нимадир уйғона бошлайди, нимадир ўша мени ғафлатдан турткилайди.
... Мен кираман минг йиллар аввал
Туғилган Бахт қиёфасига,-
Нурсиз кунлар беролмас ҳалал
Қалбимдаги зиё фаслига.
Ўзингни қўлга олишга, истасанг ўзингга қайтишингга шу сатрларнинг ўзи кифоядек.
“Аёлга шафқат”га дуч келган қўлларимга титроқ киради. Сатрлар сўнгги бор оёққа туришга куч топгану, муштипар жуссаси томон узалмаган нажоткор қўл изланаётган парига айланиб бўлган бўлади... Йиқилгиси келади. ... “Йиқилсам тутармикан” деган оний фикр ялт этиб ўтади шууридан. Яшашга ташна лаблар орасидан ютоққан алам аллақачон “дод” га айлансада, чиқмаётган овозини ҳеч ким англамайди...
Мадҳини қилолмай шошади шеърим,
Аёлнинг ғайрати, шижоатидан.
Ва лекин дарёдек тошади шеърим,
Замоннинг аёлга ҳиёнатидан...
Ооо - ҳаётнинг заминга туташ юраги, охири йиқитдинг, охири тиндинг...
“Дунё деган бу дарёбодда” “Ёнаётган йўл” ораси бир қадам эрсада, мен “нетайин” сира йўлнинг сўнггига етолмай тентирайман. Шу қадарга қадар ёзганларим нақадар ғариблик касб этиб кетади. Устига устак дунёдунга ҳақ истаб “чўзилган қўлларимнинг соғинчли қайғуси” заифгина кафтларим орасида сағир қолган бўм-бўш жомнинг қайта тўлмаслиги қалбимни изтиробга чўктиради.
Тугайди менинг ҳам ердаги йўлим,
Қачондир кўзимни ёпиб қўярлар.
Унутиб мен айтган қўшиқларни, жим,
Қабр учун ҳосилдор ерни ўярлар.
... Бўлган- бўлмаганим айланар сирга.
Шу ерда ёзишдан таққа тўхтайман. Шоир қалбининг юки зўридан юрагим бир нафас тин олмаса ёрилиб кетиш эҳтимоли бордек. Чарецдан таржималар шу қадарки икки буюк даҳо руҳи бир-бирига сингиб кетгани рост:
Шоирлик не? Ё ҳою ҳавас,
Ё дарбадар кечган ҳаётми.
Агар унга тикилсанг бирпас,
Илғагайсан улкан ҳаётни.
Куракларимдан ўсиб чиққан қанотлар тупроқ бўйи кўмилган жонимни осмону фалакларга олиб чиқади. Сени англаш, сени тушуниш, сенга етишга улгурмаган ҳақиқатлар кўзларингга ёш бўлиб силқиб чиқади. Сен одамга ўхшамайсан, одам бўлгинг келади. Қўлингдан келмаган одамлик оёғингга тушов бўлиб ботаверади;
Шоир филдан, девдан каттадир,
Шу сабабми, сиғмас заминга.
Тиззагача ерга ботадир,
Боши тегиб баланд осмонга.
Ороми йўқ унинг Ватанда,
Ҳижратда ҳам топмас ҳаловат.
Бир сўз билан таърифлаганда:
Ҳарорат, Ҳарорат, Ҳарорат!
Муҳаббат Сафоева,
Хоразм.