Йигирма йил аввал бошланган нуқтадаман

– Фалончаев сиз бўласизми? Менга маслаҳатингиз керак!

Бу  — кўриниши ўлгудай озғин, ўзи тузукроқ муомалани ҳам билмаган, соҳага энди яқинлашаётган йигитчанинг кира солиб машҳур журналистга талаб қўйиши албатта, ғалати. Университетни битирганимда шунақа “ғалати бола” эдим.

Бояги Фалончаевга келадиган бўлсак, кутилмаганда хонасига бостириб кирганим билан аслида уни йиллар давомида ўқиб келганман. Университет кутубхонасида газеталар ҳам сақланар, айнан ўша одамнинг мақолаларини топиб, ўқиб маза қилардим. Суриштирувларни бопларди, ўткир муаммоларни шунчаки ёзмасдан, албатта, ечим ҳам таклиф қиларди. Хуллас, мен ҳавас қилган одам эди. Аммо у билан учрашувимиз мени гандираклатиб қўйди. Неча йиллик ҳавас ҳавога учди-кетди. Гаплари умуман менга ёқмади:

– Сенга ҳаққоний маслаҳат  бераман, амал қиласанми? Ўтир бўлмаса! Кўзингда олов бор экан, соҳада у-бу нарсага эришасан, аммо ҳаётда эмас. Чин дилдан маслаҳатим шуки, ақлинг борида йиғиштир ҳавасингни.

Ўрнидан туриб, сигарет ёқди, хонада юриб давом этди.

– Бу ерда ҳамманинг дарди сенинг дардинг бўлади, сенинг дардинг эса фақат ўзингники. Қисқаси, соҳадан узоқ юр, ҳозирги шаштинг билан бошқа соҳада барча ниятингга етасан. Хуллас, яхши соҳа эмас бу. Шу маслаҳатим.

Бу гапдан кейин бояги машҳур журналистга бўлган ҳурматим йўқолди. Унинг “Мен суриштирувлар қилмай қўйганман, ана, ёшларга ўтказиб юбораман кимдир дардини айтиб келса” деган гапидан кейин бироз нафрат ҳам уйғонгандай бўлди. Ҳатто унинг кўриниши ҳам бесўнақай эканига кейин эътибор бердим. Мен негадир кўришгунимга қадар у одамнинг нигоҳи отни йиқитадиган, улуғвор ва салобатли, жисмонан бақувват, қарашлари қирғийникидек бўлса керак деб ўйлардим. Қайда!

Кўнглим қолди машҳур журналистдан. Бу ўша одам билан биринчи ва охирги учрашув эди, барибир соҳага кирдим. Қанчадир йил ўтиб айнан журналистик суриштирувларни бошладим. Бемалол айта оламан, соҳада ўша учрашувда айтилмаган лаззат бор экан! Ҳар бир муаммони илдизи билан ўрганиб чиқиб эълон қиларкансиз, елкангиздан тоғ ағдарилади. Кимнингдир муаммоси ҳал бўлса, ундаги қувонч сизга ҳам ўтади. Жойи келганида бутун қишлоқ, маҳалла аҳли дуо қилган вақтлар бўлди. Бунинг мазасини олгач, қаерда нимадир муҳим масала рўй берса, эшитган заҳоти, ҳатто ярим кечаси ҳам йўлга чиқадиган бўлиб қолдик. Ҳар қадамда жамиятга фойдангиз тегаётганини ҳис қиласиз. Сиз кўтарган катта-кичик муаммо ечим топганида ўзингизни осмонларда кўрасиз. Дарвоқе, бировга муттаҳам бўлмай, ҳаром луқмадан узоқ юриб ҳам ширин ҳаёт кечириш мумкинлигини, меҳнатга яраша ҳалол рағбатни Ўзи беришини ҳам шу соҳада кўрдим. 

Ҳаёт бир текис эмас, тақдир бу ўртада бир неча марта оғир синовлар берди. Айнан касбим, фаолиятим ортидан келиб чиққан можароларга ҳам юзлашдим. Уларнинг ечимини кутиб, кунлар ойларга уланаркан, бир нарсани тушуниб қолдим: “Ҳамманинг дарди меники, менинг дардим эса фақат ўзимники экан”.

Бу ўртада ишни ташлаб 4-5 ой шунчаки уйда ётдим. Қўлим ҳеч ишга бормади. Ишлаган кезларим телефон рақамим тарқалиб кетган эмасми, кунида бир неча киши қўнғироқ қилиб дардини айтади. Ёрдам беролмаслигингизни айтасиз ва муаммодан куйиб-ёниб турган одамдан “насибангизни“ оласиз: “Ўзимам ўйловдим, мард журналист қолмаган деб”, “ҳақиқат йўқ”, “Сиз ҳам қўрқдингизми ёритишга?”.

Ҳар қандай қўнғироққа жавоб кўтаришга безиб қоласиз.

Ниҳоят, яна ишга чиқдим, аммо суриштирувларга ҳам, ҳатто муаммоларни эшитишга ҳам энди тоқат қилолмай қолибман. Ёш қирқдан ўтганида шундай бўладими ёки сўнгги ойларда пайдо бўлган ортиқча вазн таъсиридами – юрак безовта қиладиган бўлиб қолибди. Шу сабаб оғриқли муаммо билан кимдир келса, ёшларга йўналтирадиган бўлиб қолдим. Фақат қисқа хабар ва янгиликлар қоралашга одатландим.

Бу ўртада ўғлим журналист бўлишини айтиб қолди, қаттиқ койиб бердим...

Шундай кунларнинг бирида ишлаётган хонамнинг эшиги тақиллади. Уст-боши бироз униққан, ўзи ўлгудай озғин, аммо кўзларида олов порлаган бир ёш йигитча кира солиб, дадил гап бошлади:

– Фалончаев сиз бўласизми? Менга маслаҳатингиз керак!

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.