Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди

Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга отланган бир гуруҳ мард ўғлонларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Чегара қўшинларида ҳарбий хизматни ўташ учун кетаётганларни кузатиш учун округ қўмондонлиги офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоатчилик ташкилоти вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Сўз олганлар Миллий армиямиз салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Кучли армия тинч ва фаровон ҳаётимиз кафолати эканлиги таъкидланиб, чақирилувчиларга бу масъулиятли вазифани шараф билан ўташда омад тиланди.

- Бу йил вилоятимизда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танловдан ўтказиш жараёни ҳар қачонгидан қизғин ўтди, - дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Бурхон Қувватов. – Бунда танловнинг юқори савияда ва энг асосийси, холис ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада унда иштирок этган йигитлар орасидан энг мард ва жасурлари саралаб олиниб, муддатли ҳарбий хизматга тавсия қилинди. Энди уларнинг Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ, аскар бўлиш орзуси амалга ошади.

Шундан сўнг, ўғлонларга “Аскарга эслатма” китобчалари тарқатилди. Чақирилувчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирдан сўнг ёшлар муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун белгиланган жойларга жўнатилди.