Йил дастурида нималар белгиланмоқда?

Жумладан, Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш соҳасида:
Дастур лойиҳасининг 45-бандида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чоралари кўриш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш таклиф этилмоқда.
49-бандда суд тизими ходимларини тайёрлаш, малакасини оширишга хизмат қиладиган ихтисослаштирилган алоҳида ўқув муассасаси – Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш белгиланмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш борасида:
52-бандда "Хабеас корпус" институтини янада кенгайтириш доирасида суриштирув ва дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш таклиф қилинмоқда.


Дастур лойиҳасининг 58-бандида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида паспорт тизими қоидаларини соддалаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Жорий йилнинг 20 март кунига қадар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш; фуқароларнинг ўз тураржойларида паспортсиз, пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйганлик учун жавобгарликни енгиллаштириш; паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш назарда тутилади.
Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида:
Дастур лойиҳасининг 61-бандида жорий йилнинг 30 июнига қадар жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш, жиноят содир этган шахсларни узоқ муддат давомида жиноий таъқиб қилиш муддатларини мақбуллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида айрим турдаги жиноятлар таркибини декриминаллаштириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил муддат ўтган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги назарда тутилади.


62-бандда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари мақомини белгилаш, уларнинг ваколат ва вазифалари чегарасини аниқ белгилаш ҳамда улар ўртасида "ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати"ни белгилаш мақсадида "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
63-бандда миллий хавфсизлик хизматининг вазифа ва функциялари, ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, ушбу орган устидан парламент назоратининг механизмларини белгилаш мақсадида "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.


Тадбиркорлик субъектларининг суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларида қонуний манфаатларини янада кафолатлаш мақсадида дастур лойиҳасининг 65-бандида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ишларини вилоят ва унга тенглаштирилган прокурор розилигига асосан қўзғатиш тартибини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Эр-хотинлар, болалар, ота-оналар ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш тартиби ҳамда никоҳ-оила муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа муносабатларни тартибга солиш учун дастур лойиҳасининг 67-бандида "Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш борасида:
Дастур лойиҳасининг 69-бандида ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятининг очиқ ва шаффоф механизмларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. 
Мазкур чора-тадбирлар дастурига мувофиқ ички ишлар органларининг йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари ходимларининг хизматни ўташи, уларни хизмат фаолияти давомида фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берувчи видеокамералар билан таъминлаш белгиланмоқда.


Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида:
Дастур лойиҳасининг 76-бандида адвокатура тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мустақиллигини таъминлаш ва уларга солиқ имтиёзларини тақдим этишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
77-бандда юриспруденция соҳасида йирик ва нуфузли хорижий олий таълим муассасаларини республикага жалб қилиш; юриспруденция мутахассислиги бўйича қабул квотасини ошириш; Тошкент давлат юридик университетининг ўқув-методик базасини кенгайтиришни назарда тутувчи Президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Вилоят адлия бошқармаси юридик  хизматларнинг фаолиятини
мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси мудири Шероз ШОДИЕВ тайёрлади.