Йил дастурида нималар белгиланмоқда?

Жумладан, 81-бандда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда инвестициялар ҳамда туристларни мамлакатимизга жалб қилишга кўмаклашишни элчилар фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш; элчихоналарда савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини жорий қилиш; элчихона ходимларини лавозимига қўйишда уларнинг иқтисодий билимларини синовдан ўтказиш кабиларни белгилаш назарда тутилмоқда.
85-бандда тадбиркорлар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, валюта операцияларини тартибга солишни соддалаштириш ҳамда валюта бозори фаолиятини янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш каби муҳим вазифаларни белгиловчи "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
95 ва 97-бандларда солиқ ва божхона қонунчилигини такомиллаштириш концепцияларини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
102-бандда зиёрат туризмига мусулмон давлатлардан сайёҳларни кенг жалб қилишни назарда тутувчи "Тошкент-Самарқанд-Бухоро" йўналиши бўйича "Кичик Ҳаж" концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
117-бандда замонавий тараққиётнинг муҳим шарти ва омили бўлган муҳим стратегик тармоқ – миллий авиация ва аэрокосмик саноатни шакллантириш таклиф этилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар бериш мақсадида 128-бандда уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини режа асосида текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий жорий этиш белгиланмоқда.
133-бандда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус давлат органи (агентлик) ташкил этишни назарда тутувчи "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
***
Дастур лойиҳасининг ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ деб номланувчи тўртинчи йўналишида аҳолининг муносиб турмуш тарзини кафолатловчи амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар ўрин олган.
Жумладан, дастур лойиҳасининг 143-бандида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича "истеъмол саватчаси" тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш таклиф қилинмоқда.
147-бандда "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талаблари ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ қилиш, шунингдек, "ногирон" тушунчаси ўрнига "ногиронлиги бўлган шахс" тушунчасидан фойдаланиш назарда тутилмоқда.
152-бандда касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи "Ақлли тиббиёт" ва "Ягона тиббий маълумотлар маркази" концепцияларини тасдиқлаш белгиланмоқда.
169-бандда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест синови натижаларини тест ўтказилган кунда эълон қилиш шартлигини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.


170-бандда олий таълим муассасаларига қабул квоталарини 2017/2018 ўқув йилига нисбатан камида 20 фоизга оширишни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
201-бандида "Миллионлар ўйини" сифатида эътироф қилинадиган футбол спортини ривожлантириш, бу соҳада юқори малакали тренер ва спортчиларни тайёрлаш, футбол клублари ва ҳомийларига солиқ ва бошқа имтиёзларни яратиш; футбол селекционерлиги (скаутинг) тизимини ривожлантириш, миллий терма жамоанинг Қатар мамлакатида 2022 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этишини таъминлаш учун чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш белгиланмоқда.
Дастур лойиҳасининг бешинчи – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлари бўйича 
205-бандда Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси янги таҳририни тасдиқлаш таклиф қилинмоқда.


2017 йилнинг 19 сентябрь куни Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида "БМТнинг ёшлар ҳуқуқи бўйича" Конвенцияси, "Маърифат ва диний бағрикенглик" ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир" резолюция лойиҳаларини ишлаб чиқиш тўғрисида таклифлар билдирган эди. Давлат дастури лойиҳасининг 223, 224, 225-бандларида юқорида таъкидланган халқаро ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Жорий йилда муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланиши муносабати билан Давлат дастури лойиҳасининг 226-бандида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг 2018 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилиши билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар белгилаш таклиф қилинмоқда.
Мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада кенгайтириш ҳамда бой маданий меросимизни тарғиб қилиш мақсадида давлат дастурининг 237-бандида сайёҳлик мақсадида келаётган хорижий фуқаролар учун электрон визаларни жорий этиш орқали қулайликлар яратиш кўзда тутилмоқда.

Вилоят адлия бошқармаси юридик
хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси мудири Шероз ШОДИЕВ тайёрлади.