Ёғ нархи ошди, бунга сабаб нима?

Кейинги бир неча ойда ёғ маҳсулотининг нархи ошди. Хўш, нарх ошишига нима сабаб бўлди, ишлаб чиқариш, импорт ёки хомашё тақчиллиги?

zarnews.uz мухбири бу саволларга жавоб излади.

2020 йил декабрь ойида ўсимлик ёғининг нархи бирмунча ошди. Асосан кунгабоқар ёғининг нархи кўтарилди.

Масалан, кейинги уч ойдаги нархларга қарайдиган бўлсак, ун (1 қоп) 50-60 минг сўмга, пахта ёғи (5 литр) 15 минг сўмга арзонлаган, бироқ кунгабоқар ёғи (5 литр) 15-20 минг сўмга қимматлаган. Ёғ ишлаб чиқариш учун хомашё асосан Россия, Украина ва Қозоғистон давлатларидан келтирилади, ўтган йили бу давлатларда ҳам ҳосил яхши бўлмаганлиги учун хомашё келтиришда бироз қийинчиликлар кузатилмоқда. Бу эса маҳсулот таннархига ҳам таъсир қилмоқда. Кечаги кунги кузатувларимизда 5 литрли қадоқланган пахта ёғи 55-65 минг сўмдан, кунгабоқар ёғи 76-84 минг сўмдан сотилмоқда.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йил январь ойида 1843,1 тонна (1793,8 минг АҚШ долларлик) ўсимлик ёғи импорт қилинган.

Ўзбекистон товар хомашё биржаси савдолари вилоят филиалига январь-февраль ойларида 10 та сотувчи томонидан 1856,6 тонна ёғ қўйилган, 1468,4 тонна маҳсулот 18 488,2 миллион сўмга сотилган.

Демак, пахта ёғи хомашёси ўзимизда мавжуд бўлганлиги учун нархи тушган ва аксинча импорт қилинадиган хомашё етишмовчилиги туфайли кунгабоқар ёғининг нархи ошган.