Ёмон одатлар мерос бўлиб қолмасин!
Укам Равшан Тошкентда яшайди. Яқинда бир тўй баҳона Самарқандга келиб, бизникида меҳмон бўлди.
- Ака, янги уйга кўчиб ўтганингизни эшитганимдан бери сизникида меҳмон бўлишга қизиқиб юргандим, - деди у. – Тошкентдан Қўшработга ўтиб қайтаётганимда кўп бор гувоҳ бўлганман, ҳозир сиз яшаётган Қорасув массиви ўрни бир пайтлар қандай аҳволда эди-ю ҳозир қандай?! Бу ерда кўп қаватли уйлар қурилиб, катта бир шаҳарча пайдо бўлгани мўъжизадек гап.
Кечки овқатдан кейин укам шаҳарчани пиёда юриб томоша қилишни истаётганини айтди.
- Хўп, айланишга чиқамиз-у, аммо кулмайсан, - дедим тунги сайр давомида янги шаҳарчанинг айрим камчиликларини кўриб, укамнинг кайфияти бузилиши мумкинлигини ўйлаб. - Массивимизда ҳали қурилиш ишлари давом этяпти. Машиналар кўп, катта кўчаларимиз чанг. Автотураргоҳлар кам. Шунинг учун одамлар автомашинасини велосипед ва пиёдалар йўлакларида қолдириб, уйига кириб кетаверади. «Янги Ўзбекистон» боғи ҳам шу ерда барпо этилган, лекин ҳали камчиликлари бор экан, очилмади.
- Ҳечқиси йўқ, ака. Шунчаки кўп қаватли уйларнинг атрофида бироз айланиб келамиз. Овқатимиз ҳазм бўлади.
Икковлон сайрга чиқдик. Равшан Самарқандда ҳам шундай баланд иморатлар қурилганидан хурсанд эканлиги ҳақида гапириб кетаётган бир пайтда сал нарида қўлига катта тошни кўтариб, бир тенгдошига қарата отишга шайланиб турган 5-6 яшар болага кўзимиз тушди.
- Ёнимга кел, - дерди у ғазаб билан. – Агар келмасанг, шу тош билан каллангни ёраман! Учгача санайман: Би-и-ир, икки-и-и...
Бор овозим билан унга қараб бақирдим:
- Эй, бола! Ташла тошни!
Бу бақиришимдан ёнимдаги меҳмон ҳам чўчиб тушди. Бола ҳам бирдан биз томонга ўгирилиб қараб, тошни яқинида турган чиқинди қутига улоқтирди ва қўлларини чангдан тозалагандай кафтларини бир-бирига уриб қўйди.
- Урушманглар, - дедимда, йўлимизда давом этдик.
- Гап йўқ, ака сизга, - деди Равшан. – Ёшлигимизда қишлоқдаги қўшниларимизнинг тўполончи болаларини ҳам тарбиялашга ҳаракат қилардингиз, эсингиздами?! Кўпчилиги сизни ёмон кўришарди.
Иккаламиз қишлоқда бошимиздан ўтказган қизиқарли воқеаларни эслаб, кулишдик. Йўлимизда яна икки бола учраб қолди. Улар ака-укага ўхшарди. Кичиги каттароғига:
- Уйга кирсанг... – дея сўкина кетди.
Равшан менга қараб, нимадир демоқчи эди. Болаларга яқинроқ йўлакда кетаётган ёши каттароқ одам мулойимлик билан деди:
- Ҳай, болам, сўкиниш яхшимас...
У киши яна нималардир демоқчи эди, аммо гапи оғзида қолди. Сабаби, болакай уни ҳам сансираб, бўралатиб сўкди. Шунда сал наридаги ўриндиқда ўтирган бир аёл болаларнинг исмини айтиб чақирди:
- Тез келинглар, уйга кирамиз. Даданг ишдан қайтаётган экан.
Болакайдан сўкиш эшитган киши фарзандининг бу қилиғини кузатиб туриб ҳам пинагини бузмаган аёлга қараб шундай деди:
- Синглим, бу болаларингизни сал тартибга чақирсангиз бўлмайдими?
- Эй, эътибор берманг, амаки, сўкиниш ота-бобосидан мерос, қонида бор.
Ҳалиги одам афсуслангандай бошини сарак-сарак қилиб, йўлида давом этди.
- Биласизми, ака?! – деди Равшан. - Шу одам болага гапиришидан олдин сизга нима демоқчи эдим?
- Хўш?
- Илтимос, шуларнинг ишига аралашманг, демоқчи эдим.
- Ҳа, лекин барибир ана шундай ҳолатларга дуч келсам, асабим дош бермайди.
- Эсдан чиқарманг, биз сайрга, дам олишга чиққанмиз.
- Узр, сенинг ҳам асабингни буздимми?
- Йўғ-ей, нимага унақа дейсиз!?
- Бундай вазиятларга дуч келишнинг фойдали томонлари ҳам бор. Масалан, бугун гувоҳи бўлганимиз – икки ҳолат ҳақида ёзсам, бир мақола тайёр бўлади.
- Ҳа, бу яхши, аммо фарзандлари сўконғич, тўполончи бўлган ота-оналар ўша мақолаларингизни ўқишига кўзим етмайди-да.
- Балки...
Орадан икки кун ўтиб, Равшан қўнғироқ қилди:
- Ака, мақолангизни ҳали ёзиб тугатмаган бўлсангиз, яна бир воқеани айтиб берай. Қўшиб қўйинг!
- Қани, айтчи?
- Ҳозиргина Сергелидаги бир минимаркетга киргандим. Чамаси 10 яшар бола келиб, сотувчидан сигарета беришини сўради. Сотувчи эса ёш болаларга сигарета сотмаслигини айтди. Бола ўзига эмаслиги, дадаси учунлигини тушунтирмоқчи бўлди. Сотувчи барибир рад жавобини берди. Шунда болакай дадасига қўнғироқ қилиб, ҳолатни тушунтирди. У ёқдан «сотувчига бер!», деган овоз келди. Бола телефонни узатаётганида сотувчи гаплашишни ҳам хоҳламаслигини, дадаси келмаса, барибир унга сигарета сотмаслигини айтди. Шунда телефондан «Чиқиб кет, ўғлим. Бу магазиндан энди ҳеч қачон ҳеч нарса сотиб олмаймиз», деган овоз келди. «Мижозларимиз биттага камайса камайибди-да», деб кулиб қўйди сотувчи.
Тўлқин Сиддиқов.