Ёш иқтидорлардан халқаро ютуқ: IELTSдан 8 балл

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиалида таълим олаётган иқтидорли ёшлар яна бир бор юксак натижа қайд этди.

Мазкур мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдулкарим Раҳматжонов инглиз тилини билиш даражасини аниқловчи халқаро IELTS имтиҳонидан 8 балл тўплаб, нуфузли халқаро сертификатни қўлга киритди.

Ушбу натижа Абдулкаримнинг инглиз тилини чуқур ўзлаштиргани, мунтазам меҳнат ва изланишлар самараси эканини яққол намоён этади. Бундай юқори кўрсаткич нафақат ўқувчининг шахсий ютуғи, балки мактабда яратилган сифатли таълим муҳити ҳамда устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнатининг амалий натижасидир.

Қувонарлиси, бу каби ютуқлар мактабда изчил давом этмоқда. Бундан олдин ҳам ушбу ихтисослаштирилган мактабнинг яна бир 10-синф ўқувчиси — Жаҳонгир Искандаров IELTS имтиҳонидан 8 балл тўплаб, юқори натижага эришган эди. Бу эса мактаб ўқувчиларининг халқаро таълим стандартлари даражасида билим олаётганини кўрсатади.

Мазкур ютуқлар ёшларнинг чет тилларини пухта ўзлаштириши, келгусида халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.