Ёшига ярашиб яшаган одам ёхуд журналист Адҳам ҲАЙИТОВни эслаб

Адҳам ака бир умр, 49 йил бир жойда “Зарафшон” таҳририятида ишлади. Газетачиликнинг барча босқичини ўтади: мусаҳҳиҳ, таржимон, мухбир, катта мухбир, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари, мураббий мухбир бўлди. Вилоят ёшлар ташкилотининг лауреатлигини қўлга киритди. “Йилнинг энг фаол журналисти” деб эътироф этилди, “Шуҳрат” медали олди.

Аммо бу нарсаларга эришиш осон кечган эмас. Мен Адҳам ака билан 1973 йилда танишганман. У киши “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”)да мусаҳҳиҳ, мен СамДУ талабаси эдим. Ахборот ва спорт бўлим мудири Анвар Жўрабоев иккаламизга ҳам устозлик қиларди. Ўтган йиллар давомида ака-ука бўлиб кетдик.

А.Ҳайитов таҳририятдаги Жамол Турсунов, Азиз Йўлдошев, Нормуҳаммад Сайфиддинов, Ҳабиб Темиров, Ўктам Ниёзов каби ёш журналистлар ўртасида ўз ўрнига эга ҳамкасб ва дўст эди. Унинг ташаббуси билан байрамларда бир-биримизнинг ота-онамизни зиёрат қилардик.

Умуман, Адҳам аканинг иш тутуми, тартиб-интизоми, оқибатига доимо ҳавасда бўлганмиз. Икки  бола билан ижарада яшашига қарамасдан ота-онасини йўқлашга, укаларига йўл кўрсатишга, фарзандларини мактабга олиб боришга, тағин дўстлар ижодий давраларига вақт ва ҳафсала топарди. Айниқса, бошига мусибат тушган ҳамкасб ва танишларидан хабар олишга алоҳида эътибор қиларди. Мен 30 йилдан кўпроқ бирга ишлаб бу кишининг раҳбариятдан дакки эшитганини кўрмаганман.

-  Адҳам Ҳайитов билан бир синфда ўқиганмиз, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов. – У мактабдалигиданоқ мухбир ўқувчи бўлиб танилганди. “Зарафшон”да босилган “Соқоли оқарган объектлар” мақоласи юзасидан вилоят партия қўмитаси қарор чиқарганини эслайман. Дўстларимиз орасида ҳам самимияти ва оқибатлилигига ҳавас қилардик. Самарқанд журналистика мактабининг ёрқин вакилларидан бири эди.

Дарвоқе, Адҳам ака жамоамизнинг қалқони эди. Тўғрисўзлиги, кўнглида борини юзга айта олгани учун ҳамма у кишининг маслаҳат ва ўгитига қулоқ соларди. Айниқса, ёш ижодкорларга қўлидан келганча ёрдам берар, йўл-йўриқ кўрсатарди. Бундан ташқари, арзимаган мақоласи билан ходимлар асабига тегадиган ўжар муаллифларга ҳам Адҳам ака қўрқмасдан танбеҳ бериб, инсофга чақирарди.

А.Ҳайитов менга устозларни, таҳририятда ишлаб, пенсияга чиққан ҳамкасбларимизни, умуман таниқли зиёлиларни йўқлаб туришни ўргатди. Газетамиз тарихи бўйича бой материал тўплади. Матбуот тарихи, “Зарафшон” газетаси юбилейларига бағишланган гулдасталарини чоп этишда бизга катта ёрдам берди. Матбуот тарихининг жонли қомуси эди.

Адҳам аканинг оиласи ҳам ибратга муносиб. Нарпайлик Зарбуви муаллим билан уч ўғилни вояга етказди.

Адҳам Ҳайитов агар ҳаёт бўлганида бугун 70 ёшга тўларди. Минг афсуски, ўтган йили у даврамизни тарк этди. Аммо у 49 йиллик заҳматли меҳнати билан таҳририятда, газета тарихида ўзига муносиб из қолдирди.

Фармон Тошев.