Йигит-қизлар ёшлар марказида нима билан машғул?
Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ташкил этилган пресс-турда шу саволга жавоб топилди.
Пресс-турда иштирокчилар марказ қошида ташкил этилган тўгараклар фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
- Бугунги кунда марказда “Ибрат тиллари” лойиҳаси доирасида фаолият юритаётган инглиз ва рус тили тўгаракларида ёшлар чет тилларни ўрганиб келмоқда, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. - “Компьютер саводхонлиги ва робототехника” тўгараклари фаолиятини янада самарали ташкил қилиш ва ёшларни IT соҳасига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, “Инклюзив таълим маркази”, “Истеъдодли ёш журналистлар” ва “Волонтёрлар” мактаблари ҳам самарали фаолият олиб боряпти.
“Ёш фермерлар маркази”да эса бизнесга қизиқувчи ёшларга ўйин тарзида дарслар ўтилади. Аҳамиятлиси, марказ мураббийлари барча шаҳар ва туманларда кўчма тренинглар ҳам ташкил этяпти.
“Заковат клуби” эса ўтган 2023 йилда 150 минг ёшни қамраб олган бўлиб, бу клуб жорий йилда фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Унинг мақсади шу пайтгача фақат ёшларнинг интеллектуал билимини синаш ва салоҳиятини оширишга қаратилган бўлса, эндиликда жамиятда учрайдиган муаммоларга ечим топиш мақсадига қаратилган савол-жавобларни ҳам ташкил этиш режалаштирилган.