Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Yoshlar” телеканали орқали намойиш этилган лавҳа ўрганилди: Мактаб директорига интизомий чора қўлланилди

2019 йил 9 октябрь куни “Yoshlar” телеканали орқали намойиш этилган фуқаро М.Муродовнинг Самарқанд шаҳридаги 58-умумтаълим мактабига ишга жойлашиш тўғрисидаги мурожаати юзасидан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ахборот берди.

Самарқанд шаҳридаги 58-умумтаълим мактаби Кимёгарлар қўрғонида жойлашган бўлиб, таълим муассасасига шаҳар ҳокимининг 2019 йил  6 сентябрдаги қарорига кўра, Нурафшон МФЙ, Дарғом МФЙ ҳамда Чорбоғ МФЙ кўчалари бириктирилган.

Мактаб 540 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 701 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Мактабда жами 50 нафар педагог-ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан, 43 нафари олий маълумотли, 3 нафари тугалланмаган олий маълумотли, 4 нафари эса ўрта махсус маълумотли ўқитувчилардан иборат.

“Yoshlar” телеканали орқали  намойиш этилган лавҳадаги ҳолатларни ўрганиш мақсадида Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими мутахассислари томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, мазкур мактабда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Мактаб директори Б.Бойқобилова томонидан эътиборсизликка йўл қўйилиб, 2019-2020 ўқув йилидан рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси У.Гадоеванинг ишга чиқиш санаси 2019 йил 4 сентябрь ўрнига 3 сентябрь деб ёзилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, мактаб директори Б.Бойқобилова келгусида бу каби хато-камчиликларга йўл қўймаслиги, ҳар доим ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Ўрганиш натижасига кўра, фуқаро Маъмур Муродов 2019 йил 16 октябрдан 58-умумтаълим мактабига бошланғич синфларда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан хато-камчиликларга йўл қўйганлиги учун мактаб директори Б.Бойқобиловага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан интизомий жазо чораси қўлланилди.